Facebook, Instagram ва WhatsApp`га эгалик қилувчи Meta корпорацияси янги Threads ижтимоий тармоғини ишга туширганини эълон қилди. Илова функционаллиги жиҳатидан Twitter`га ўхшайди ва унинг бевосита рақобатчиси бўлиши кутилмоқда.

Threads`даги постлар узунлиги 500 белгигача бўлиши мумкин. Бундан ташқари у ҳаволалар, фотосуратлар ва беш дақиқагача бўлган видеоларни ўз ичига олади. Ижтимоий тармоққа Instagram аккаунти билан кириш мумкин. Фойдаланувчилар ўз постларини бир вақтнинг ўзида ҳам Instagram, ҳам Threads`да баҳам кўришлари мумкин.

meta, threads

Threads тасмаси. Фото: about.meta.com.

Threads иловасини 100 дан ортиқ мамлакатларда App Store ва Google Play орқали юклаб олиш мумкин.

Хизмат тавсифида айтилишича, Threads — бу «жамиятлар бугун уларни ҳаяжонлантирган мавзулардан тортиб, эртага нима тренд бўлишигача бўлган ҳамма нарсани муҳокама қилиш учун бирлашадиган платформа».

Meta эгаси Марк Цукербергнинг айтишича, иш бошлаган дастлабки соатларда ўн миллион фойдаланувчи янги ижтимоий тармоқдан рўйхатдан ўтган.

Threads`нинг ишга туширилиши Twitter фойдаланувчиларининг уни миллиардер Илон Маск томонидан сотиб олинганидан сўнг оммавий чиқиб кетиши ва у ижтимоий тармоққа киритган туб ўзгаришлари фонида содир бўлди.

Twitter баъзи функциялар ва маҳсулотларга киришни чекловчи Twitter Blue`нинг пуллик версиясини ишга туширди. Ўтган ҳафтада бепул аккаунт эгалари кўриш мумкин бўлган твитлар сонида чекланган эди. Янгилик ташкилотлари орасида машҳур бўлган TweetDeck асбоблар панели ҳам пуллик бўлди.

Threads Twitter билан рақобатлашадиган биринчи илова эмас. 2023 йил бошида Twitter`нинг собиқ бош директори Жек Дорси ҳозирда фақат таклиф билан рўйхтадан ўтса бўладиган Bluesky ижтимоий тармоғини ишга туширганди. Бундан ташқари айрим Twitter фойдаланувчилари Mastadon платформасига ҳам «кўчиб ўтиши» кузатилди.