Ўзбекистон Давлат санъат музейи 3 июлдан таъмирлаш ишлари учун ёпилди. Бу маълумотни «Газета.uz»га музей маъмурияти тасдиқлади.

Директор ўринбосари Михаил Овчинниковнинг сўзларига кўра, кўргазма заллари ва бошқа биноларни, шунингдек, муҳандислик тармоқларини капитал таъмирлаш режалаштирилган.

Таъмирлаш бир неча ой давом этади. Бу вақт ичида музей буюмлари қуйи қаватларда жойлашган депозитарийда сақланади.

Маданий мерос агентлиги маълумотига кўра, жорий йилда Абдулла Қодирий ва Сергей Есенин уй-музейлари, Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси, Бадиий академия марказий кўргазмалар зали ва бошқа жойларда ҳам таъмирлаш ва реставрация ишлари режалаштирилган.

Давлат санъат музейи архитекторлар С.Розенблюм, И.Абдулов ва А.Никифоров томонидан лойиҳалаштирилган бинода 1974 йилдан бери фаолият юритади. 2000-йилларда унинг фасадлари қайта қурилган.