Тошкент вилоятида ички ишлар ходими 13 ёшли қизчани зўрлаганликда гумонланмоқда, деб хабар берди Ўзбекистонда зўравонликка қарши фаолият олиб борувчи Сукут сақлама (Nemolchi.uz) лойиҳаси. Унга эса жарбланувчининг онаси мурожаат билан чиққан.

«Жиноят май ойининг охирида содир бўлган. 13 ёшли қизча дугонаси билан кўчада ўйнаб юрганди, шунда уларнинг қўшниси машинадаги ўртоғининг олдига ўтириш ва айлантириб келишни таклиф қилган. Қизча қўшнисини яхши таниганлиги боис ёмон ҳаёлга ҳам бормаган. Кейин қизчаларни ижарага олинган дала ҳовлига олиб боришган ва ўша „дўсти“ қизчани зўрлаган», — дейилади хабарда.

Воқеадан сўнг қизча тунд ҳолга тушиб қолган ва ўзини одамлардан узоқроқ тута бошлаган. Уйдагилари орадан бир ҳафта ўтгачгина воқеа ҳақида билиб қолишган ва қизчанинг онаси ички ишларга ариза ёзган. «Экспертиза ҳам яна бир ҳафта ўтгач тайинланган, натижаси ҳақида эса узоқ вақтгача айтишмаган», — дея қайд этди Nemolchi.uz.

Қизчаларни олиб кетишганини кўрган гувоҳлар ва дала ҳовли эгаси ҳам кўрсатма берган. Гумондор Тошкент шаҳри Яшнобод туманида ишловчи, Музаффар исмли профилактика инспектори эканлиги аниқланди.

«Менинг қизим ҳамманинг олдида уни таниди, у эса турган ҳолатда устимиздан кулди», — деди қизчанинг онаси.

Онанинг сўзларига кўра, гумондор ва унинг қариндошлари унга ва унинг оиласига таҳдид қилишган. Таҳдидлар бир неча бор такрорланган, ҳаттоки ички ишлар органлари ва прокуратура ходимлари гувоҳлигида ҳам давом этган. Аёл таҳдид ҳолати бўйича ҳам ариза ёзган. Бироқ ҳозирча бу мурожаат юзасидан бирон-бир ҳаракат амалга оширилмаган.

Жабрланувчининг онаси, гумондорга нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш —
15 йилдан 20 йилгача қамоқ билан жазоланади) билан жиноят иши қўзғатилган. Лойиҳа маълум қилишича, гумондор ҳозир судга қадар ҳибсга олинган ва лавозимидан бўшатилган.

Туман прокуратураси раҳбарининг ўринбосари бу ишни ўз назоратига олган.