Тарих — ҳаёт такрорлардан иборат экани ҳақида сабоқ берувчи энг яхши устоз; ҳар кунлик бу сабоқлардан доим ҳам вақтида ва тўғри хулосалар чиқарилмаса-да, тарих барибир энг яхши устозлигича қолаверади.

Ўзбекистон ва жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринади. Бундан ўн йиллар аввал айнан бугунги санада нималар бўлган, давр матбуоти уларни қандай ёритган, жамоатчиликнинг муносабати қандай эди — барини «Эски газеталар шарҳи» рукни орқали кузатиб бориш мумкин.

1933 йил 6 июль, пайшанба

СССРнинг биринчи Конституцияси қабул қилинганига 10 йил тўлган. Шу муносабат билан марказий газеталарнинг 1933 йил 6 июль сони советлар давлати 10 йил ичида қандай тараққий топгани ҳақидаги материалларга тўла. Хусусан, «Қизил Ўзбекистон»нинг шу кунги бош мақоласида «капитализм олами — ўлим тўшагида» экани, Совет Иттифоқининг байроғи «бугун дунёнинг олтидан бир қисми устида ҳилпиллаётган бўлса, эртага у Бутун Дунё Шўро Социалистик Жумҳуриятлари устида ҳилпиллаяжаги» таъкидланади.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 6 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 6 июль сонидан

Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Файзулла Хўжаевнинг ушбу сана муносабати билан эълон қилган «Иттифоқ Конституциясининг 10 йиллиги» сарлавҳали мақоласида ўзбекистонликлар Октябрь инқилобининг шарофати билан «ўз мамлакатларининг ҳақиқий хўжайини»га айланганликларини, Ўзбекистонни Совет Иттифоқининг «мустақил жумҳуриятларидан бирига айлантирганликлари»ни қайд этиб ўтган.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 6 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 6 июль сонидан

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон қандай ўсишга эришгани ҳақида инфографикалар ҳам берилган:

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 6 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 6 июль сонидан

Совет матбуоти «капитализм — ўлим тўшагида» дея бонг уришига қарамай, айнан капиталистик мамлакатларнинг эътибори Совет Иттифоқи учун зарур. Масалан, ташқарида 1933 йил бўлса-да, АҚШ ҳали ҳам СССРни бир давлат сифатида тан олмаган. Шу ниятда Америка жамоатчилиги мамлакат ҳукуматини СССРни тан олишга мажбурлаши учун турли тарғибот ишлари олиб борилади. Америка илмий-тадқиқот институтларидан бири томонидан Шўро-Америка муносабатларини ўрганиш қўмитаси тузилиши ҳам шундай тарғибот ишларининг бир парчасидир.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 6 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 6 июль сонидан

«Қўмита Шўро-Америка муносабатларига тегишли ҳақиқий фактларни йиғиб, эълон этажак. Институт кўп амалдорлардан, зиёлилардан, сиёсат арбобларидан СССР таниш масаласига жуда хайрихоҳлик билан қараганликларини кўрсатган жуда кўп хатлар олди», — дейилади «Қизил Ўзбекистон»да эълон қилинган бу ҳақдаги ахборотда.

1963 йил 6 июль, шанба

Ўзбекистон пахта далаларини текширишга келган қардошлар таркиби тўлди — охирги бўлиб Озарбайжон вакиллари ҳам етиб келган. «Ўзбек пахтакорлари қардош республика деҳқонларининг вакиллари берган қимматли маслаҳатлар учун чин кўнгилдан раҳмат айтяптилар», — дейилади «Қизил Ўзбекистон»нинг «Мусобақадошлар республикамиз пахта далаларида» материалида.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 6 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 6 июль сонидан

Ўзбекистон ўз қўшнилари — Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан фақат пахта масаласида маслаҳатлашиб, рақобатлашмайди. Ем-хашак, чорва моллари, сут, тухум, жун тайёрлаш бўйича ҳам «мусобақалар» бор. Сут ва жундан бошқа барчасида Ўзбекистон — пешқадам.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 6 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 6 июль сонидан

Минтақавий масалалардан маҳаллий маиший мавзуларга ўтамиз — Хўжаобод туманида «совет савдоси принципларини бузиб келган» магазин сотувчиси фош қилинган. Масалан, у бир дона пиёлани 46 тийин ўрнига 50 тийиндан сотган — яъни ортиқча 4 тийинни ўзи учун олган. «Қизил Ўзбекистон» газетаси томонидан «юлғич» дея таърифланган сотувчи суд қилинган, мол-мулки мусодара этилган.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 6 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 6 июль сонидан

1993 йил 6 июль, сешанба

Шу кунги барча марказий газеталардаги бош хабар — президент Ислом Каримов Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Истанбулда бўладиган конференциясида қатнашиш учун Туркияга жўнаб кетган.

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1993 йил 6 июль сонидан«Тошкент оқшоми» газетасининг 1993 йил 6 июль сонидан

Ўзбекистон бош вазири Абдулҳошим Муталов футболни ривожлантириш масалаларига бағишланган мажлис ўтказган.

Ўзбекистон мустақиллигининг 2 йиллиги баҳона корхона ва ташкилотларнинг жамоалари, афтидан, «мажбурий-ихтиёрий» тартибда «иш ҳақи олмасдан бир кун қўшимча ишлаб бериш» ва шу кунги иш эвазига топилган маблағни «Соғлом авлод учун» хайрия жамғармаси ҳисобига ўтказиш кампаниясини бошлаган. Масалан, «Ўзбекенгилсаноат» уюшмаси корхоналари 100 млн сўм, биргина «Юлдуз» тикувчилик бирлашмаси эса 15 млн сўмни «Соғлом авлод учун»га ўтказишга қарор қилган ва бошқаларни ҳам шунга чақирган.

Янги ташкил этилган бу жамғармани пул билан таъминлаш «кампанияси»ни бунгача унинг таъсисчиси — Ўзбекистон ҳукумати бошлаб берган: Вазирлар Маҳкамаси жамғармасидан 1 млрд сўм ажратилган. Тошкент шаҳар ҳокимлиги 100 минг доллар, «Ўзбекнефтгаз» концерни 20 млн сўм, Ким Пен Хва номидаги халқ корпорацияси 5 млн сўм, Германиянинг «Интермед» фирмаси 5 минг марка пул ажратган. Ва ҳали ҳаммаси эмас: «Хайрия тадбири давом этади», — деб ёзади «Халқ сўзи» газетаси.

«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 6 июль сонидан«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 6 июль сонидан

Сергелининг 5-мавзесида ҳовли тўйлари:

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1993 йил 6 июль сонидан«Тошкент оқшоми» газетасининг 1993 йил 6 июль сонидан

«ЎзДЭУавто» компанияси эса юзлаб одамларни ишга олиш бўйича эълон қилган. Хўш, 1993 йили бу компанияга ишга кириш нима беради? Ўзбекистоннинг машинасозлик комплексидаги ўртача иш ҳақидан 2−3 баравар кўп маош ва Жанубий Кореяга бориб, иш ўрганиб келиш имконияти.

Республика прокуратурасидан маълум қилишларича, «Ўздавнефтмаҳсулот» тизимига қарашли айрим мансабдорларнинг жиноий йўл билан топилган 22 млн сўми, 16 минг доллари, 4 кило олтини, ўқотар қуроллари, «Чайка», «Мерседес», «Жигули» машиналари олиб қўйилган, гумонланувчиларнинг ўзи қамоққа олинган.

«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 6 июль сонидан«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 6 июль сонидан

Тошкент милицияси учун 30 та янги автомобиль — улар орасида «Жанубий Кореянинг катта қулайликларга эга бўлган Tico маркали автомашиналари» ҳам бор. «Тошкент оқшоми»нинг машиналарни топширишга бағишланган хабарида шундай дейилади: «Тартибни сақлаш посбонларига кўрсатилаётган бу ғамхўрликларга жавобан пойтахт милицияси ходимлари Тошкентда осойишталик бўлиши учун куч-ғайратларини аямасликларига ишонамиз».

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1993 йил 6 июль сонидан«Тошкент оқшоми» газетасининг 1993 йил 6 июль сонидан