Нукус шаҳрида 5 июлдан Yandex Go такси хизмати йўлга қўйилди, деб хабар қилди компания матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Дастурни юклаб олиб, унга манзилни киритиш орқали шаҳарнинг исталган нуқтасига бориш мумкин. Сафар нархи 3500 сўмдан бошланади. Уни нақд пулда тўлаш мумкин.

«Yandex Go`да автомобилга буюртма берилгандан сўнг дарҳол модель, автомобиль рақами ва кутиш вақтини кўриш мумкин. Дастурда тезкор боғланиш мумкин бўлган қўллаб-қувватлаш хизмати ҳам мавжуд», — деди Yandex Go ҳудудий менежери Мирзоҳид Солиҳов.

Yandex Go Ўзбекистонда 2018 йилнинг апрель ойида ишга туширилган. Хизмат бунгача саккизта шаҳарда: Тошкент, Фарғона, Марғилон, Наманган, Андижон, Самарқанд, Қўқон ва Бухорода ишлаётганди. Yandex Go`нинг ўз ҳайдовчилари ва машиналари йўқ. Хизмат маҳаллий ташувчилар билан ҳамкорлик қилади.