Ўзбекистон Миллий гвардияси От спорти бўйича республика олий спорт маҳорати мактабига ҳар бирининг бошланғич нархи 2,3 миллиард сўм бўлган 10 та от сотиб олиниши мумкин. UzEx Tender платформасида харид бўйича тендер ўтказилмоқда.

Тендер 23 июнда бошланган ва 21 июлгача давом этади. 10 та отни харид қилиш учун бошланғич нарх этиб 23 миллиард 305 миллион 391 минг сўм белгиланган. Тендер энг арзон мос таклифни танлаб олиш шаклида ўтказилади. Сотувчи отларни 90 кун ичида етказиб бериши керак бўлади. Отлар Европа иссиқ қонли, тоза зотли, ёши эса 7−11 оралиғида бўлиши талаб этилади.

Отлар олий спорт маҳорати мактаби чавандозларининг халқаро мусобақаларга (Жаҳон кубоги, Миллатлар кубоги, Евроосиё кубоги, Жаҳон чемпионати ва Осиё ўйинларининг турли босқичларида) тайёргарлик кўриши ва муваффақиятли иштирок этиши учун кераклиги айтилган.

Бундан ташқари, 13−22 июнь кунлари мактабга 650 миллион сўмлик беда пичани сотиб олиш бўйича ҳам тендер ўтказилган. Бу пулга бюджет ҳисобидан 130 тонна беда пичани сотиб олиш режалаштирилган. 1 июль куни G’azna Telegram канали тендер шартларидан бирида иштирокчи ғолиб бўлиш учун таъсис этилганига камида 6 ой бўлиши кераклиги белгилангани, лекин ғолиб ташкилот шу йилнинг февраль ойида очилганига эътибор қаратганди.

Қайд этилишича, тендер бўйича протокол тузилганига қарамасдан, 4 июнь куни келишув бекор қилинган. Баённома тузилгандан кейин давлат харидлари электрон тизимига муҳокама қилиш учун 2 кунга жойлаштирилди ва тендер натижалари бўйича келиб тушган эътирозлар харид комиссияси томонидан асосли деб топилди, дейилади баёнотда.

Маълумот ўрнида, От спорти бўйича республика олий спорт маҳорати мактабида 3 та йўналиш, яъни тўсиқлардан сакраш, от йўрттириш, учкураш турлари бўйича ўқув-машғулот жараёнлари олиб борилади. Мактабга 10 ёшдан 13 ёшгача бўлган болалар қабул қилинади.