Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашуви чоғида Швецияда Қуръони карим ёқиб юборилганига муносабат билдириб, буни ёвуз ҳаракат деб атади ва кескин қоралади.

«Айни вақтда биз радикализм ва экстремизмнинг ҳар қандай кўринишларига, турли миллат ва халқларнинг диний қадриятларига нисбатан ҳурматсизлик кўрсатишга мутлақо қаршимиз. Жумладан, яқинда Швецияда содир этилган, муқаддас Қуръони каримни ёқиб юборишдек ёвуз ҳаракатларни кескин қоралаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг таъкидлашича, Ер юзидаги миллионлаб инсонларнинг дину диёнати, эзгу ҳиссиётларини ҳақорат қиладиган бундай ҳолатларга асло йўл қўйиб бўлмайди.

Қуръони каримнинг ёқилиши

Швецияда яшовчи 37 ёшли ироқлик қочқин Салван Момика Қурбон ҳайити байрами кунида Стокгольмдаги марказий масжид олдида Ислом динининг муқаддас китоби нусхасини ёқиб юборганди. Ушбу ҳолат кўплаб мусулмонлар томонидан қораланган. Ироқ ҳукумати унинг ҳаракатини ирқчилик деб атаган.

шавкат мирзиёев, швеция, қуръон

Фото: AFP

Эртаси куни Ироқ пойтахти Бағдоддаги элчихона олдида оломон тўпланган. Швеция полицияси сўз эркинлиги қонунларига мувофиқ Момикага намойиш ўтказишга рухсат берган эди. Аммо кейинроқ полиция воқеа норозиликлар келтириб чиқаргани учун тергов бўлаётганини билдирган.

Бу воқеа, шунингдек, мусулмонлар кўп бўлган бошқа давлатларда, жумладан, НАТО аъзоси бўлган Туркияда ҳам эътирозларга сабаб бўлди. Туркия «сўз эркинлиги баҳонасида» бундай «исломга қарши ҳаракатлар» содир этилишини «қабул қилиб бўлмайди» деб атади.

Яқин Шарқ давлатлари, жумладан, Ироқ, Эрон, Саудия Арабистони ва Миср буни кескин танқид қилди. Марокаш ва Иордания Стокгольмдаги элчиларини чақириб олди, Марокаш ҳам Швециянинг Работдаги муваққат ишлар вакилини чақирди.

Ироқ бу воқеа «сўз эркинлиги билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган нафратли тажовузкорлик» эканини айтди.

Эрон Ироқнинг танқидини такрорлаб, Қуръонни ёқиш ҳаракатини «провокацион» ва «қабул қилиб бўлмайдиган» деб атаган бўлса, Миср буни мусулмонлар Қурбон ҳайитини нишонлаётган пайтда «уятли» ҳаракат деб таърифлади.

Саудия Арабистони «бу нафратли ва такрорий хатти-ҳаракатларни ҳеч қандай асос билан қабул қилиб бўлмайди», — дея баёнот берди.

Қуръон нусхаларини ёқиш ишлари ортидан Швецияда тартибсизликлар юзага келмоқда. Полиция яқинда шунга ўхшаш норозилик аризаларини рад этган эди, бироқ судлар сўз эркинлиги сабабли уларга рухсат бериш керак деган қарорга келган.

Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар исломий рамзларни ҳақорат қилиш бўйича такрорий ҳаракатларга чек қўйиш учун биргаликда ҳаракат қилишга чақирди, деб хабар берган «РИА Новости» Саудиянинг Al Ekhbariya телеканалига таяниб.

«Қуръонни таҳқирлаш ва Ислом пайғамбарини ҳақорат қилиш исломофобиянинг алоҳида кўриниши эмас. Мусулмон давлатлари бунга чек қўйиш учун жамоавий чоралар кўришлари керак», — деди ИҲТ бош котиби Иброҳим Тоҳа Саудия Арабистони ташаббуси билан чақирилган ташкилотнинг Жиддадаги фавқулодда йиғилишида.