4 июль куни Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган қонун [ЎРҚ-851-сон] билан айрим қонун ҳужжатларига ижро ҳужжатларини ижро этмаганлик учун солинадиган маъмурий жарима миқдорини белгилашга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди. Қонун Сенат томонидан 22 июнь куни маъқулланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра:

БҲМнинг 10 бараварига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги суммани ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатини ихтиёрий равишда ижро этиш учун белгиланган муддатда қарздор томонидан ижро этмаслик:

  • фуқароларга БҲМнинг 5 бараваригача (1 млн 650 минг сўмгача);
  • мансабдор шахсларга эса 10 бараваригача (3 млн 300 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
  • Илгари жариманинг энг кам миқдори қатъий белгиланган бўлиб, фуқароларга БҲМнинг 1 бараваридан, мансабдор шахсларга эса 5 бараваридан бошлаб жарима қўлланилган.

Шунингдек, маъмурий жарима суммаси ижро ҳужжатида ундирилиши белгиланган суммадан ошиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Қонунга кўра, Мажбурий ижро бюроси номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда маъмурий жазо чораларини қўллашга эндиликда қуйидагилар ҳақли:

  • Ўзбекистон Республикасининг бош давлат ижрочиси;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг бош давлат ижрочилари, уларнинг ўринбосарлари;
  • Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари.

Илгари маъмурий жазо чораларини қўллаш давлат ижрочиларига тегишли бўлган.