Тарих — ҳаёт такрорлардан иборат экани ҳақида сабоқ берувчи энг яхши устоз; ҳар кунлик бу сабоқлардан доим ҳам вақтида ва тўғри хулосалар чиқарилмаса-да, тарих барибир энг яхши устозлигича қолаверади.

Ўзбекистон ва жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринади. Бундан ўн йиллар аввал айнан бугунги санада нималар бўлган, давр матбуоти уларни қандай ёритган, жамоатчиликнинг муносабати қандай эди — барини «Эски газеталар шарҳи» рукни орқали кузатиб бориш мумкин.

1933 йил 4 июль, сешанба

Ўзбекистоннинг марказий газеталарида бундан 90 йил аввал ҳам, худди ҳозиргидек, мамлакат раҳбарияти қабул қилган муҳим ҳужжатлар эълон қилиб борилган. Ўзбекистон Коммунистик партиясининг «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 4 июль сонида берилган «Пахта ва ғалла районлари қишлоқ шўро раисларининг кенгашини чақириш тўғрисида»ги 1 июль қарори ҳам шулар жумласидандир.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 4 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 4 июль сонидан

Партиянинг шу қарори билан, хусусан, Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Файзулла Хўжаевга «қишлоқ шўроларининг қишлоқни социалистик қуришнинг ҳозирги давридаги роли ҳақида мақолалар ёзиш, бу мақолаларда пахтани ишлаш ва ғаллани йиғиш, янчиш ва тайёрлаш масалаларига алоҳида аҳамият бериш ва бу мақолаларни жумҳурият ва маҳаллий матбуотга тарқатиш» топшириғи берилган.

Пахта — энг муҳим масала. Бу борада, умумий сарлавҳада таъкидлаганидек, «судралишни оқловчи ҳеч қандай сабаб йўқ». Шу боисдан Ғузор туманидаги аҳвол танқид остига олинган. «Ғузорда пахта иккинчи даража аҳамиятли экинлар қаторига тушиб қолган. Бунда сабзавотчилик, полизчилик ишларига кўпроқ аҳамият берилади… Бундай аҳволга хотима бериш керак». Мана шу аҳвол сабаб Ғузор «Қора тахтага номзодлар» қаторида.

Бухоронинг Ғиждувон ва Андижоннинг Зеленский (ҳозирги Асака) туманлари эса, «пахта чопиғи юзасидан зарбали вазифаларни ортиғи билан бажариб келаётгани» учун «тахта»нинг яхшиси — «Қизил тахтага номзодлар» қилиб тасдиқланган (кўриб турганингиздек, ҳудудларни илғор-қолоқлигига қараб, турфа ранглар бўйича гуруҳлаб чиқиш амалиёти бундан бир асрча аввал ҳам бўлган).

1933 йили меваларнинг ҳосили қандай аҳволда эди? «Боғлардаги мева дарахтларининг ярми совуқдан қақшади. Шунинг учун олма ва нокларнинг ҳосили ўтган йилги ҳосилнинг 15 процентини ташкил қилади. Ўрикларнинг ҳосилини ўртача деб ҳисоблаш мумкин», — дейилади «Узумнинг ҳосили уч баравар ортиқ» сарлавҳали материалда.

Айни вақтда «Союзплодовошч»нинг Ўзбекистон контораси сабзавот ва меваларни тайёрлашга қониқарли даражада тайёрланган эмас, дейилади «Мева яна эгаси» сарлавҳали ахборотда. Унда таъкидланишича, «узун жойлаш учун керак бўлатурган ғалвирлар талабнинг 56 процентини таъминлайди. Помидор жойлайтурган яшиклар ҳам оз… Жумҳуриятнинг бочкага бўлган эҳтиёжи фақат 6,7 процент таъминланган, холос».

Яна бир муҳим масала — ҳашак тайёрлаш (орадан 30 йил ўтиб газеталарда бу жараён алоҳида режа-жадвал кўринишида бериб борилади).

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 4 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 4 июль сонидан

Дунёда нима гап? «Германия Версаль аҳдномасига қарамасдан, зўр бериб қуролланаётир. Дюсселдорфдаги Рейн „Металверке“ заводида 150 миллиметрлик замбараклар ишлаб чиқарадилар. Уруш заказларини бажарувчи баъзи маъдан, тўқимачилик, кимё ва мотор ишлаб чиқариш заводлари тўла нагрузка билан ишлайдилар», — дейилади «Германия зўр бериб қуролланмоқда». Бундан ташқари, нацистлар ҳукумати ёт фикрловчи кишиларга чора кўрилиши ҳақида огоҳлантира бошлаган.

«Қизил Ўзбекистон»нинг 1933 йил 4 июль сонида бир қизиқ реклама бор. Семашко номидаги физиотерапия ва курортоогия институти ҳузурида қуёш билан даволаш хонаси бор бўлиб, бу ерда яна сув билан ҳам даволаниш мумкин. «Касаллар шаҳар соғлиқни сақлаш бўлимининг йўлланма қоғози бўйича ва пулга қабул қилинади», — дейилади рекламада.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 4 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 4 июль сонидан

1963 йил 4 июль, пайшанба

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 4 июль сонида бош мавзу — қишлоқ хўжалиги, аммо газетанинг ярми Германия Демократик Республикасига сафар қилган СССР етакчиси Никита Хрушчёвнинг Берлиндаги нутқига ажратилган. У ўз нутқида АҚШ президенти Жон Кеннедидан жаҳли чиққанини яшириб ўтирмаган ва Американи «кўрпасига қараб оёқ узатиш»га чақирган.

Мамлакат раҳбарининг нутқи, чиқишлари хорижий матбуотда қандай акс-садо бергани ҳақидаги ахборот — эски матбуотнинг муҳим атрибутларидан биридир.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 4 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 4 июль сонидан

Берлиндан ўзимизга қайтсак: Тошкент вилоятида Ўзбекистон энергетикасининг катта ютуғи — Оҳангарон ГРЭСнинг сўнгги саккизинчи турбогенератори ишга туширилган ва шу тариқа станцияга ўрнатилган барча турбогенераторларнинг қуввати 600 минг киловаттга етган. «Бу йил Навоий ГРЭС саноатга дастлабки ток берди. Йил охиригача Тошкент ГРЭСида 150 минг киловатт қувватли биринчи турбогенераторни ва Тахиатош ГРЭСида учинчи турбогенераторни ишга тушириш мўлжалланади», — дейилади газета хабарида.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 4 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 4 июль сонидан

Илғор хўжаликлар ҳақидаги хабарлар бир қизиқ — улар деярли барча режаларни нуқул ортиғи билан, рекорд кўрсаткичлар билан бажаради. Энг камида 100 фоизга бажаради. Сирдарё вилоятидаги «Ховос» совхози ҳам шундайлардан (бахтга қарши, бундай «рекордлар», бундай режа бажаришлар ҳар доим ҳам ҳаққоний, ҳақиқий бўлмаган).

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 4 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 4 июль сонидан

Совет даврида қизиқ бир амалиёт бўлган — хўжаликлар, туманлар, вилоятлар, республикалар бир-бири билан мусобақалашган. Расман. Маълум бир соҳаларда. Масалан, пахта етиштиришда. Мусобақалашаётган томонлар бир-бирини яхши ниятда текшириб, бир-биридан ўрганиб ҳам турган. 1963 йил июлида шундай мусобақавий ўрганишлар Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистондан «текширувчилар» Ўзбекистонга келган. Газеталарнинг келгуси сонларида меҳмонларнинг таассуротлари, таклиф ва танқидлари ҳам эълон қилинади.

Газетанинг бир чеккасида Украинада республика раҳбарияти ўзгаргани ҳақида ахборот берилган. Шу вақтгача Украинани бошқариб келган Николай Подгорний иттифоқ даражасидаги юқорироқ лавозимга кўтарилгани муносабати билан унинг ўрнига Пётр Шелест Украина Компартияси биринчи котиби этиб сайланган. Маълумотларга кўра, у СССР етакчиси Никита Хрушчёвнинг тўғридан-тўғри кўрсатмаси асосида Украинага раҳбар этиб тайинланган, аммо орадан бир йил ўтиб, Хрушчёвнинг ҳокимиятдан кетказиш жараёнининг энг фаол иштирокчиларидан бири бўлган.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 4 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 4 июль сонидан

Дунёда нима гап? «Бразилияда пассажир самолёти ерга қўниш пайтида йилиб тушган», деб ёзади «Қизил Ўзбекистон». Ҳодиса оқибатида самолётдаги 15 кишининг 13 нафари ҳалок бўлган.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 4 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 4 июль сонидан

1993 йил 4 июль, якшанба

Ўзбекистонда 1990 йиллар бошида якшанба кунлари марказий газеталар чоп этилмаган (худди ҳозиргидек).