Тарих — ҳаёт такрорлардан иборат экани ҳақида сабоқ берувчи энг яхши устоз; ҳар кунлик бу сабоқлардан доим ҳам вақтида ва тўғри хулосалар чиқарилмаса-да, тарих барибир энг яхши устозлигича қолаверади.

Ўзбекистон ва жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринади. Бундан ўн йиллар аввал айнан бугунги санада нималар бўлган, давр матбуоти уларни қандай ёритган, жамоатчиликнинг муносабати қандай эди — барини «Эски газеталар шарҳи» рукни орқали кузатиб бориш мумкин.

1933 йил 3 июль

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 3 июль сонидаги бош мавзу — сувни тежаб, пахта далаларини ўз вақтида суғориш. Шу мавзуга бағишланган туркум материаллар бошига: «Йўллар ва кўчаларда сув тошқин, далалар бўлса намга муҳтож», — дея мамлакатнинг ўша вақтдаги уч раҳбаридан бири, Ўзбекистон Компартияси раҳбари Акмал Икромовдан иқтибос ҳам келтирилади.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 3 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 3 июль сонидан

«Сувни исроф қилишга қарши қатъий зарба» материалида таъкидланишича, «ҳатто алоҳида районлар (Бешариқ)да тўғон бошида ошна-оғайнигарчилик ҳоллати давом этаётир. Чанқаган, қақраган ғўзалар қолиб, иккинчи навбатда суғорилиши мумкин бўлган ғўзалар суғорилаётир». «Мирзачўл районида сув мўл бўлишига қарамай, беда, сабзавот экинларини суғормаганлар», — дейилади материал давомида.

Тошкентнинг Октябрь (ҳозирги Шайхонтоҳур) туманидаги ғишт заводи ишчиларидан бири шикоятнома юборган (буни жамоатчилик назоратининг ўша вақтлардаги бир кўриниши сифатида эътироф этса ҳам бўлади). Унда қайд этилишича, «ишчиларни нон билан ўз вақтида таъминлашга аҳамият берилмайди. Ҳар кунги нон соат 2−3 да келтирилиб, кечқурунгина берилади. Шунгача ишчилар нон орқасидан чопиб, ишдан қоладилар».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 3 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 3 июль сонидан

Газетанинг шу сонидаги энг муҳим хабарлардан бири — Тошкент ва Москва ўртасида ҳаво йўли очилаётгани ҳақидаги қисқагина ахборотдир.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 3 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 3 июль сонидан

1963 йил 3 июль

Бош мавзу, 30 йил аввал бўлганидек — пахта. Республика раҳбари Шароф Рашидов Сурхондарёга сафар қилиб, Шаҳрисабз (Қашқадарё вилояти 1960−1964 йилларда Сурхондарё вилояти таркибида бўлган), Ангор ва Шўрчида маҳаллий колхоз ва совхоз вакиллари билан учрашган. Ана шу учрашувлар давомида сурхондарёлик пахтакорларнинг бутун Ўзбекистон меҳнаткашларига қаратилган «Июль ойида ғўза парваришини янада кучайтириш ҳақида»ги мурожаати қабул қилинган.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 3 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 3 июль сонидан

Шу боис «Қизил Ўзбекистон»нинг 1963 йил 3 июль сонининг ярмини шу мурожаат эгаллаган. Мурожаатнинг қисқача мазмуни шундай: «Сурхондарё пахтакорларининг мурожаатига жавобан ҳар бир хўжаликда ғўза парваришини кучайтириш юзасидан қўшимча тадбирлар белгилайлик, ғўзанинг ривожланишини тезлаштириб, июлда мўл ҳосил тўплайлик!». Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон ўша йили 3 млн 566 минг тонна пахта етказиб бериш мажбуриятини олган эди.

Бу даврдаги марказий газеталарда қишлоқ хўжалигининг турли соҳаларига оид режа-жадвалларни кўриш мумкин. Масалан, бу сафар хашар тайёрлаш плани туманлар кесимида қандай бажарилаётгани билан танишиш мумкин (Сурхондарё ва Қашқадарёдан ташқари Сирдарё ва Жиззах, Андижон ва Наманган вилоятлари ҳам битта бўлган, ҳозирги Навоий вилояти эса асосан Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ўртасида «тақсимланган» эди; туманларнинг номари ҳам қизиқ бир мавзу):

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 3 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 3 июль сонидан

«Қизил Ўзбекистон»нинг бу сафарги сонида жамоатчилик назорати хабарларига бутун бир саҳифа ажратилган. Уларда боғча болаларининг ҳақи еяётган ошпаз, «йўқ одам»ни ишга олиб, сўнг маошини ўзига олаётган раҳбар, сифатсиз ошхона хизмати, сифатсиз транспорт хизмати, бозорларнинг юлғич ходимлари ва бошқалар ҳақида кўпдан-кўп «сигнал»лар берилган.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 3 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 3 июль сонидан

Жаҳонда нима гап? Югославияда 1963 йил апрелида янги конституция қабул қилингач, мамлакат раҳбарияти ҳам қайтадан сайланган, ҳукумат янгиланган. Ўша вақтда Европанинг энг йирик мамлакатларидан бири ҳисобланган бу федерациядаги ўзгаришлар нафақат АҚШ ва унинг Кўҳна қитъадаги иттифоқчилари томонидан, балки Совет Иттифоқида ҳам диққат билан кузатиб борилган. Чунки у, бошқа социалистик давлатлардан фарқли ўлароқ, Совет Иттифоқидан анча мустақил сиёсат олиб борар эди.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 3 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 3 июль сонидан

Бу вақтда Ироқда ҳукумат қўшинлари ва курдлар ўртасида оғир тўқнашувлар юз бермоқда эди. Орадан 60 йил ўтиб, Ироқ таркибида нисбатан тинч ва нисбатан фаровон Курдистон мухтор ҳудуди бор, унга ҳозирда 1963 йили Ироқ ҳукумат кучларига кучларига қарши курашган Мустафо Барзонийнинг неваралари — Нечирван Барзоний (президент) ва Масрур Барзоний (бош вазир) раҳбарлик қилади.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 3 июль сонидан«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 3 июль сонидан

1993 йил 3 июль

Ўзбекистон марказий газеталарида 4 июль — Америка мустақиллиги куни муносабати билан президент Ислом Каримовнинг АҚШ давлат раҳбари Билл Клинтонга йўллаган табрикномаси матни эълон қилинган. «Биз АҚШнинг буюк ютуқларга эга бўлган мамлакат сифатида ёш мустақил давлатларга демократик анъаналар ва бозор иқтисодиётини ривожлантиришда бераётган техникавий ва инсонпарварлик ёрдамини юксак баҳолаймиз», — дейилади Каримовнинг табригида.

«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 3 июль сонидан«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 3 июль сонидан

«Правда Востока» газетасининг 1993 йил 3 июль сонида маълум қилинишича, шу кунларда президент Каримов «Би-би-си»нинг Марказий Европа хизмати раҳбарини қабул қилган. Қисқагина ахборотдан англашилишича, меҳмон қабулдан хурсанд ва 1994 йилдан «Би-би-си» ўзбек тилида ҳам эшиттиришлар узата бошлаши кутилмоқда (орадан бир йил ўтиб, ҳақиқатан ҳам, «Би-би-си Ўзбек хизмати» иш бошлаган).

«Правда Востока» газетасининг 1993 йил 3 июль сонидан«Правда Востока» газетасининг 1993 йил 3 июль сонидан

Президент нафақат «Би-би-си» раҳбарларидан бирини, балки Россиядаги «Камаз» юк машиналарини ишлаб чиқарувчи корхона раҳбарини ҳам қабул қилган, Ўзбекистонга кучли юк машиналари кераклигини, «Камаз»ларни Ўзбекистоннинг ўзида йиғишни йўлга қўйишни таклиф қилган (Ислом Каримовнинг бу таклифи орадан 25 йил ўтибгина амалга ошди).

«Правда Востока» газетасининг 1993 йил 3 июль сонидан«Правда Востока» газетасининг 1993 йил 3 июль сонидан

«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 3 июль сонида юридик фанлари доктори Алишер Азизхўжаевнинг Россия матбуоти Ўзбекистон ҳақидаги ёлғон материалларни қандай тайёрлаётани ҳақида шарҳ берган.

«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 3 июль сонидан«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 3 июль сонидан

«Ушбу мақолалар ортида қандай ниятлар турганлиги ҳақида ўйлаб кўрайлик. Улардан асосан учта мақсад кўзда тутилади. Биринчидан, улар россияликларни Марказий Осиёдаги янги давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги Россия манфаатларига қарши қаратилган демоқчи бўлишади. Иккинчидан, Қирғизистон ва Тожикистоннинг Ўзбектистон билан регионал ҳамжиҳатлигини ичидан емиришга уринилади. Бунда асосий зарба региондаги энг кучли бўлмиш Ўзбекистонга қаратилган. Учинчидан, халқаро жамоатчилик назарида Ўзбекистонни яқин қўшниларига, кейинроқ эса узоқроққа тажовузкор муносабатдаги давлат қилиб кўрсатишга ҳаракат қилинган», — деб ёзади Азизхўжаев.

«Яна фармони олий керакми?» сарлавҳали материал — давлат тилига беписандлик ҳақида. «Халқ сўзи» мухбири Исматилла Тошевнинг ёзишича, «ҳар хил варақа (форма)лар ҳамон эскича. Уларни ўзбекча тўлдириш мушкул. Бухгалтерия ҳисоб-китоби ҳам илгари қандай бўлса, шундайлигича қоляпти. Чунки юқори молия идораларининг ўзи бу борада жиддийроқ қадам қўймаганга ўхшайди».

«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 3 июль сонидан«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 3 июль сонидан

1993 йил 3 июль куни ўзбек тилидаги марказий газеталарда ҳам, рус тилидагиларида ҳам 1913 йил 3 июнь куни туғилган академик Хадича Сулаймонова хотирасига бағишланган туркум материаллар эълон қилинган. Хусусан, Ўзбекистон Олий суди раиси Убайдулла Мингбоевнинг «Халқ сўзи»да эълон қилинган «Қаттиққўл, аммо меҳрибон эди» сарлавҳали хотираномасида Сулаймонова хонимнинг 1964−1965 йилларда Ўзбекистон Олий судига раҳбарлик қилгани эсланаркан, у «дунё давлатлари ичида олий судья (Олий суд раиси демоқчи — таҳр.) лавозимини эгаллаган биринчи аёл» дея таърифланади (аммо бу факт баҳслироқ).

1950 йилларда Ўзбекистонга раҳбарлик қилган Нуриддин Муҳиддиновнинг «Ўзбекнинг жасоратли қизи» материалида эса ўша йилларда «ҳаммаси бўлиб Ўзбекистондан 40 мингга яқин «халқ душмани» деб аталган ва узоқ муддатга сургун қилинган кишиларнинг оқланиши»да Хадича Сулаймонованинг ҳам ўрни катта бўлганини қайд этиб ўтган.

Шу кунги газеталарда чиққан эътиборга молик материаллар орасида «Ўзгидромет» томонидан «июнда тинмай ёмғир ёғса, қиш совуқ келади» (1993 йил июни фавқулодда серёғин келган), «октябрнинг ярмида гупиллаб қор ёғиб юборса, қорбўронли қиш кутавер» каби халқ оғзидаги аломат-гапларга кўп йиллик кузатувларга асосланган ҳолда берилган раддия алоҳида ажралиб туради.

«Правда Востока» газетасининг 1993 йил 3 июль сонидан«Правда Востока» газетасининг 1993 йил 3 июль сонидан