2023 йилнинг май ойида Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция» ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирларида 135 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан 23 млн кВт/соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Бунинг оқибатида тизимга 20,6 млрд сўм зарар келтирилган.

Ноқонуний фойдаланишнинг энг кўп ҳолатлари Самарқанд, Жиззах ва Бухоро вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.
Мисол учун, Самарқанд вилоятидаги «Ч.З.Д.» фермер хўжалигида 1,7 млрд сўм, Жиззах вилоятидаги илмий-тажриба станциясида 442,9 млн сўм, Бухоро вилоятидаги «Т.К.» МЧЖда 324 млн сўм миқдоридаги қайта ҳисоблаш ишлари амалга оширилди.

Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди, назорат тадбирлари давом этмоқда, дейилади хабарда.

Таққослаш учун, Ўзбекистон бўйлаб апрель ойида 225 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан 5,5 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланилганди.

Президент Антикоррупция агентлигига Энергетика вазирлиги билан 1 сентябргача ёқилғи-энергетика тармоғини «коррупциясиз соҳа»га айлантириш бўйича ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишни топширди. ДХХ, ИИВ ва БП ҳузуридаги департамент электр ва бошқа тармоқларга ноқонуний уланишларга қарши курашади.