Швейцария ҳукумати, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт ва кўникмаларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича янги лойиҳани ишга туширди, дея хабар қилди БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатдаги ваколатхонаси матбуот хизмати.

Ушбу ҳамкорлик рақамлаштириш орқали ёшларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва йўлларини очишга қаратилган, дейилади ҳисоботда.

Лойиҳа учта асосий йўналишга қаратилган:

  • рақамли тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва ёш тадбиркорларнинг рақамли кўникмаларини ошириш;
  • ёшларга қаратилган рақамли иқтисодиёт ва рақамли тадбиркорлик сиёсатини ривожлантириш учун институционал салоҳиятни кучайтириш ва ёшларнинг молиявий инклюзиясини яхшилаш учун молиявий ечимларни топиш;
  • рақамли тадбиркорлик лойиҳалари ва стартапларини ривожлантириш имкониятлари.

Лойиҳа 13 минг нафар тўғридан-тўғри бенефициарлар, жумладан, ёш аёллар ва қишлоқ аҳолисига мўлжалланган бўлиб, уларга рақамли иқтисодиётда муваффақиятга эришиш учун зарур кўникмалар, воситалар билан кўмак кўрсатилади.

«Ўзбекистон ёшларининг рақамли кўникмаларга эга бўлиш нафақат уларнинг келажагига сармоя, балки инклюзив ва инновацион иқтисодий ўсишнинг катализатори, рақамли асрда чексиз имкониятларни очиш», — дея таъкидлади БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска.

«Швейцария рақамли стартапларни ривожлантириш бўйича етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланади, — деди Швейцария элчихонасининг миссия раҳбари ўринбосари, ҳамкорлик бўлими раҳбари Рейчел Бош. — Рақамлаштириш нафақат глобал тенденция, балки аёлларнинг иқтисодиётга жалб қилишнинг асосий омилидир. Рақамли платформалар аёллар ва ёшлар, айниқса, Ўзбекистон қишлоқ ҳудудларида имкониятларни кенгайтиришга ёрдам беради».

Лойиҳа Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, IT-парк, Савдо-саноат палатаси, Рақамли технологиялар вазирлиги, Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.