Янги Зеландия дунёда биринчи бўлиб супермаркетларда ҳар қандай полиэтилен халталар, ҳатто сабзавот ва меваларни қадоқлаш учун юпқа пакетларни ҳам тақиқлади, деб хабар бермоқда BBC.

Ҳукуматнинг бир марталик пластикларга қарши кампанияси доирасидаги қарори 1 июлдан кучга кирди.

«Янги Зеландия жуда кўп пластик чиқиндиларни ишлаб чиқаради», — деди атроф-муҳит вазири ўринбосари Рейчел Брукинг.

2019 йилдаёқ Янги Зеландиядаги дўконлар қалинроқ пластик халталарни тақиқлаб қўйган, бир миллиард донадан ортиқ шу каби пакетлар тежалишига эришган эди.

Янги чора йилига 150 млн юпқа халталардан фойдаланишнинг олдини олиши кутилмоқда. Мижозлар эса қайта ишлатиладиган мева ва сабзавот пакетларни сотиб олишади.