3 июль куни Қозоғистоннинг FlyArystan лоукостер авиакомпанияси Остона ва Тошкентни тўғридан-тўғри рейслар билан боғлади, дея хабар бермоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Маҳаллий вақт билан соат 01:55 да бортида 180 нафар йўловчиси бўлган самолёт Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди. Аэропортда янги йўналиш очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди, унда Uzbekistan Airports раҳбарияти, Қозоғистон элчихонаси ва авиаташувчи вакиллари иштирок этди.

Остона-Тошкент-Остона йўналиши бўйича парвозлар Airbus А320 самолётларида ҳафтасига икки марта — душанба ва чоршанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилган. Компания яқин келажакда парвозлар харитасини Қозоғистон ва Ўзбекистонни боғлайдиган янги йўналишлар билан тўлдиришни режалаштирмоқда.

flyarystan, остона

Маълумот учун, FlyArystan Қозоғистоннинг лоукостер авиаташувчиси бўлиб, штаб-квартираси Олмаотада жойлашган. Компания Қозоғистондаги энг йирик Air Astana авиакомпанияси негизида ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, март ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон авиация маъмуриятлари ўртасида ўтказилган музокараларда Остона-Тошкент-Остона ҳамда Олмаота-Тошкент-Олмаота йўналишларида мунтазам авиақатновлар сонини ошириш белгилаб олинганди.