Июль ойи бошида Telegram мессенжерида Stories функцияси пайдо бўлади. Бу ҳақда дастур асосчиси Павел Дуров маълум қилди.

«Кўп йиллар давомида фойдаланувчиларимиз Telegram`га Stories`ни қўшишни сўрашди. Бизга янги функциялар бўйича келган сўровларнинг ярмидан кўпи Stories билан боғлиқ», — деб ёзди Дуров.

Формат «Telegram услубида» ишга туширилиши режалаштирилган. У қуйидагилар билан ажралиб туради:

  • махфийлик — Stories барча фойдаланувчилар учун, фақат контактлар учун, бир нечта танланган контактлар ёки яқин дўстлар учун очиқ бўлиши мумкин бўлади;
  • ихчам интерфейс — Stories чат рўйхатининг юқори қисмида жойлашади;
  • мослашувчанлик — бошқа контактлар томонидан жойланган Stories`ни рўйхатдан яшириб қўйиш мумкин бўлади;
  • тагёзувлар — фотосуратлар ва видеоларни таҳрирлаш воситаларидан ташқари, Stories`да тагёзувлар, ҳаволалар ва бошқа одамларни белгилаш имконияти мавжуд бўлади;
  • икки камерани бир вақтда ишлатиш — Stories`да бир вақтнинг ўзида асосий ва олд камераларда олинган фотосуратлар ва видеоларни жойлаш мумкин бўлади;
  • амал қилиш муддати — Stories`ни 6, 12, 24 ёки 48 соат давомида кўринадиган қилиб жойлаш мумкин бўлади. Уларни, шунингдек, фойдаланувчининг профиль саҳифасида ҳам сақлаш имконияти бўлади.