Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити байрами билан табриклади. Табрик матни давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

«Ер юзидаги жамики ислом уммати қатори меҳр-мурувват, эзгулик ва саховат рамзи — муборак Қурбон ҳайитини катта шоду хуррамлик билан кутиб олаётган сиз, азизларни, барча юртимиз мусулмонларини, бутун халқимизни ушбу улуғ айём билан чин қалбимдан самимий табриклаб, ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман», — дейилади табрикда.

Президент ушбу муқаддас байрам моҳиятида мужассам бўлган тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик, инсонпарварлик ғоялари бугунги кунда Янги Ўзбекистонда амалга ошираётган ислоҳотлар, улкан мақсад ва вазифаларга уйғун ва ҳамоҳанг эканини қайд этди.

«Юртимиздаги ҳар бир маҳалла, шаҳар ва қишлоқдаги тинчлик ва ободлик, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашда Қурбон ҳайити сингари азалий байрам ва қадриятларимизнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда», — деди у.

Кейинги йилларда мамлакатда миллий ва диний қадриятларни ривожлантириш, виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш борасида катта ишлар амалга оширилаётганига урғу қаратган давлат раҳбари мана шу Қурбон ҳайити кунларида 15 минг нафар ўзбекистонликнинг Маккаи мукаррамада муқаддас ҳаж зиёратини адо этаётганини эслатиб ўтди.

«Уларнинг барчасини бугунги улуғ айём билан қутлаб, Ватанимиз равнақи, эл-юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги, оилаларимиз, фарзандларимизнинг бахту иқболини тилаб қилаётган дуолари ижобат бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Ҳеч шубҳасиз, кўп миллатли ва кўп конфессияли халқимизнинг эзгу орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, гўзал юртимизни ягона Ватан деб биладиган барча миллат ва элат вакилларининг урф-одат ва анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантиришга биз бундан буён ҳам алоҳида аҳамият қаратамиз», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

«Барчамиз биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан Янги Ўзбекистонни, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаромиз тинч-осойишта, эркин ва фаровон яшайдиган, том маънодаги дўстлик ва бағрикенглик диёрига айлантирамиз», — дея ишонч билдирди Шавкат Мирзиёев.

Президент дунёнинг узоқ-яқин ҳудудларидаги барча мўмин-мусулмонларга самимий табрикларини йўллаб, уларнинг мамлакатлари ва халқларига тинчлик ва тараққиёт тилади.

Давлат раҳбари бу йил ҳам Қурбон ҳайити муносабати билан бир неча кундан иборат дам олиш кунлари белгиланганини эсга олиб, бу «хонадонларимизга, ҳаётимизга Ийд ал-адҳонинг эзгулик нури, чинакам байрам кайфиятини олиб киришга хизмат қилади», дея ишонч билдирди.

«Муқаддас масканлар, улуғ аждодларимиз қадамжоларини зиёрат қилиш, мўътабар ота-оналаримиз, қариндош-уруғларимиз, ёру биродарларимизни йўқлаш, кўмак ва ёрдамга муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, юртимиз бўйлаб саёҳатларни амалга ошириш учун бу — яна бир қулай имконият, десак, тўғри бўлади», -дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

«Сиз, азиз юртдошларимни, бутун халқимизни Қурбон ҳайити билан яна бир бор муборакбод этиб, байрамни оила, дўстлар ва яқинлар билан бирга файзли ва мазмунли ўтказишингизни тилайман», — деди президент.