Ўзгидромет хизмати агентлиги 25 июнь−2 июль кунлари кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.

Синоптикларнинг маълум қилишича, бу йилги чилла даври салқин об-ҳаво билан бошланди. 25 июнь куни Кавказ ҳудудларидан салқин ҳавонинг яна бир қисми кириб келиши ҳисобига ҳаво ҳарорати +29…+32 даражагача тушди, баъзи жойларда эса ундан ҳам пастроқ бўлди.

Душанба куни республика бўйича ҳарорат +30…+33 даража, жанубда +39…+41 даража бўлган об-ҳаво сақланиб туради. 27−30 июнь кунлари ҳаво ҳарорати бироз кўтарилади ва +34…+37 даража, жанубда +39…+41 даража атрофида бўлади.

Фақат шанба ва якшанба кунлари — 1−2 июлда Ўзбекистон ҳудудига иссиқ ҳаво кириб келиши кучаяди ва кундузги ҳарорат яна +38…+40 даражагача, жанубда баъзи жойларда +42 даражагача кўтарилади.

Ушбу ҳафтанинг охиригача республика бўйича ҳаво асосан кам булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди, фақат Фарғона водийси ҳудудлари билан чегарадош тоғолди ва тоғли ҳудудларда 26−28 июнь кунлари баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

26 июнда шимолда, 27−29 июнда республикада баъзи жойларда шамол тезлиги 13−18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.

Тошкент шаҳрида ҳаво бироз булутли бўлади, вақти-вақти билан ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шарқий йўналишдаги шамол бироздан ўртачагача эсади. Ҳарорат душанба куни кундузи +32…+34 даража, 27−30 июнда +34…+37 даража, 1−2 июлда+37…+40 даража бўлади.