25 июнь куни соат 18:00 да Ўзбекистон президентлигига номзодлар вакиллари ўртасида сайловолди теледебати бўлиб ўтади. Дебат мамлакатни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш масалаларига бағишланади.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг маълум қилишича, дебат «Ўзбекистон 24», «Ўзбекистон», «Маҳалла», UzReport, Renessans ва Zo‘r TV телеканалларида ўзбек тилида (сурдо-таржима билан), «Ёшлар» телеканалида инглиз, Dunyo bo‘ylab ва «Тошкент» каналларида рус ҳамда «Қорақалпоғистон» телеканалида қорақалпоқ тилларидаги таржимаси билан намойиш этилади.

Маълумот учун, Ўзбекистонда муддатидан аввалги президентлик сайлови 9 июль куни бўлиб ўтади. Унда тўрт номзод қатнашади:

  • Халқ демократик партиясидан — партия етакчиси Улуғбек Иноятов;
  • «Адолат» социал-демократик партиясидан — Робахон Махмудова;
  • Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП)дан — амалдаги президент Шавкат Мирзиёев (номзодни «Миллий тикланиш» партияси ҳам қўллаб-қувватлаган);
  • Экологик партиядан — партия етакчиси Абдушукур Ҳамзаев.

Ҳаракатнинг аниқлик киритишича, сайлов олдидан кўпроқ дебатлар ўтказиш режалаштирилган.

Номзодларнинг сайловолди дастурлари ҳақида қуйида ўқишингиз мумкин.