Ўзбекистонда инглиз тилини ўргатиш бўйича 40 нафар америкалик мутахассис English Speaking Nation: English Summer Excellence Training (ESN: ESET) дастури доирасида Ўзбекистонда иш бошлади, деб хабар қилди АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси «Газета.uz»га.

Мутахассислар томонидан Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларида 520 нафар инглиз тили ўқитувчиcи учун 120 соатлик инглиз тили ўқув дастури ўтказилади. Ушбу 16 кунлик курс ўзбек ўқитувчиларининг мулоқот, ёзиш, тинглаш ва инглиз тилини ўргатиш кўникмаларини оширишга ёрдам беради.

Дастур 19 июндан 8 июлга қадар давом этади, бунда Нукус, Навоий, Зарафшон, Шаҳрисабз, Денов, Жиззах, Гулистон, Ангрен, Қўқон ва Фарғона шаҳарларидаги ўқитувчилар малака оширади. Мутахассислар 30 нафар маҳаллий ўқитувчи билан бирга сабоқ беради.

ESN: ESET дастури English-Speaking Nation: Secondary Teacher Training Program (ESN: STT) дастурининг бир қисми бўлиб, бу, ўз навбатида, Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг инглиз тилини билиш даражасини ошириш ва инглиз тилини ўргатиш бўйича умуммиллий ташаббус ҳисобланади. Дастур 3 йил давомида Ўзбекистондаги 15 000 нафар инглиз тили ўқитувчиси учун мўлжалланган, 2020 йилдан старт олган.

English Speaking Nation дастури АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўртасидаги таълимни ислоҳ қилиш бўйича ҳамкорлик саналади. Дастурнинг амалга оширувчи ҳамкори халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари ННТ ҳисобланади.