20 июнь куни Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани бўлими бошлиғи Б.Ғ. хизмат автотранспорт воситасида йўл-транспорт ҳодисасига учради, деб хабар бермоқда департамент матбуот хизмати.

Соат 16:10 атрофида туманнинг Қорашина шаҳарчаси Термиз-Тошкент халқаро йўлида бўлим бошлиғи Б.Ғ. ўзига бириктирилган Nexia-3 хизмат автотранспорт воситасида ҳаракатланиб келаётган бўлган.

Шу вақтда машина қарама-қарши йўналишда келаётган фуқаро Ш. Ф. бошқарувидаги Cobalt билан тўқнашиб кетган. Шунингдек, орқа томондан ҳаракатланиб келаётган фуқаро У.Ё. бошқарувидаги Spark ҳам Б.Ғ. бошқарувидаги Nexia-3`га келиб урилган.

Департаментнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, бўлим бошлиғи ва Cobalt ҳайдовчиси енгил жароҳатлар билан шифохонага олиб кетилган. Spark ҳайдовчисига жароҳат етмаган.

Ҳолат юзасидан тегишли суд тиббиёт экспертизалари ҳамда департамент ходимига нисбатан хизмат текшируви тайинланиб, вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.