«Райффайзенбанк» — Россия банки ҳамда Австриянинг Raiffeisen Bank International (RBI) банклар гуруҳининг шўба корхонаси — Ўзбекистон ва бошқа қатор давлатлар, жумладан, Россиянинг ўзига еврода пул ўтказмалари тўхтатилганини эълон қилди, деб хабар қилди банк матбуот хизмати.

«3 июлдан бошлаб, агар олувчи банк қуйидаги мамлакатлардан бирида жойлашган бўлса, евродаги чиқувчи тўловни амалга ошириб бўлмайди: Россия, Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Грузия, Иордания, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, БАА, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон. Янги шартлар мижозлар — жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларга тааллуқлидир», — дейилади хабарда.

Қарор корреспондент банклар томонидан қўйилган чекловлар билан изоҳланади.

Банк мижозларга пул ўтказмаси валютасини ўзгартириш ёки тўловни амалга ошириш учун бошқа усуллардан фойдаланишни тавсия қилмоқда. Янги шартлар «Райффайзенбанк»нинг Россиядаги мижозлари ўртасида евродаги пул ўтказмаларига тааллуқли эмас. Мижозлар ўз ҳисоблари ўртасида евро ўтказишлари ёки ушбу банкнинг бошқа мижозига юборишлари мумкин.

«Райффайзенбанк» Россиядаги тизимли аҳамиятга эга банк бўлиб, 2022 йил октябрида акциялари, шунингдек, устав капиталидаги улушлари билан битимлар тузиш тақиқланган 45 та ташкилот рўйхатига киритилган, деб ёзади РБК.

Reuters агентлигига кўра, Европа Марказий банки RBI’дан Россиядан чиқишни талаб қилмоқда. RBI Россия филиалининг келажаги вариантларини ўрганишда давом этаётганини айтди. Май ойида Reuters агентлиги RBI учинчи томон харидорини топиш илинжида бир неча ой давом этган муваффақиятсиз қидирувдан сўнг Россиянинг Раиффеисен шўба корхонасини ўз акциядорларига ўтказишга мойилик билдиргани ҳақида ёзган эди.