Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси 2021 йил октабр ойида Ҳиндистон-Непал чегарасини ноқонуний кесиб ўтаётганда Биҳар штатида қўлга олинган Ўзбекистон фуқаролари бўлган уч нафар опа-сингил билан боғлиқ вазиятни назоратга олди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар бермоқда.

Аёллар билан боғлиқ вазият ҳақида Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари хабар берди. Яқинда The New Indian сайти бир йилдан кўпроқ вақт давомида уларни озод қилишга уринаётган аёлларнинг катта опаси мурожаатини эълон қилди.

Қайд этилишича, аёллар Facebook орқали танишган Ҳиндистон фуқаросига ишонган ва Ҳиндистонга ишлаш учун бормоқчи бўлган. Ҳиндистон нашри улар одам савдоси қурбони бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Ўтган йилнинг август ойида Арария шаҳри суди Ўзбекистон фуқароларини айбсиз деб топиб, уларни мамлакатдан депортация қилиш кераклиги ҳақида қарор чиқарган, бироқ бюрократик тўсиқлар ва юрисдикциянинг мураккаблиги туфайли улар ҳамон ҳибсда қолмоқда.

Ҳиндистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари бу ҳолатга аралашиб, аёллар шароити ёмонлигидан хавотир билдиришди. Уларнинг сўзларига кўра, опа-сингиллардан бирининг қўлларида жароҳат излари бор — у ўз жонига қасд қилишга уринган бўлиши мумкин.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига кўра, ҳибсхона маъмурияти маҳбусларнинг оила аъзолари билан мулоқот қилишига рухсат бермаяпти. Улар зўравонликка дучор бўлган бўлиши мумкин деган хавотирлар бор.

«Онам дард чекмоқда. Бутун оилам хавотирда. Илтимос, опа-сингилларимни уйга қайтаринглар», — дея мурожаат қилган маҳбусларнинг опаси Ҳиндистон ҳукуматига.

Ўзбекистон элчихонаси хабарида шундай дейилади: «Афсус билан қайд этиш жоизки, фуқароларимиз ёки уларнинг яқинлари томонидан ўз вақтида ушбу масала юзасидан тезкор консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича мурожаат қилинмаган».

Ҳозир элчихона Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Биҳар штатининг тегишли идоралари билан музокаралар олиб бормоқда. «Вазият назоратга олиниб, фуқароларимизни уйларига қайтариш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда», — дейилади хабарда.

Элчихона ватандошларни «Ҳиндистонга сафар қилишдан олдин турли шубҳали гуруҳ ёки шахсларнинг ёлғон ваъдаларига алданиб қолмаслик, ушбу мамлакатга кириш ва унда бўлиб туриш чоғида маҳаллий қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш»га чақирди.