Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Бекобод шаҳри бўлими бошлиғи, давлат инспектори М.Ф. 19 июнь куни хизмат вазифасини бажараётган вақтида пичоқланди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, ҳозирда инспекторга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. У операция қилиниб, жонлантириш бўлимига ўтказилган.

Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизматига кўра, 36 ёшли М.Ф.га нисбатан тан жароҳати етказилган ҳолати юзасидан Бекобод тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) «л» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Қайд этилишича, 45 ёшли гумонланувчи У.Х. процессуал тартибда ушланган.

«Маълум бўлишича, ҳолатга шахсларнинг ўзаро келишмовчиликлари сабаб бўлган. Жанжал вақтида фуқаро ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан таниши М.Ф.га қасддан тан жароҳати етказган», — дейилади ИИББ ахборотида.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.