Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги Қорадарёда оқиб кетган 12 яшар С.А.нинг жасади қидирилмоқда. Бу ҳақда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълум қилди.

Таъкидланишича, 2023 йил 13 июнь куни Олтинкўл тумани Андижон МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Қорадарёга шу маҳаллада яшаган 13 яшар Т.Н. ва 12 яшар С.А. оқиб кетган. 14 июнь куни Т.Н.нинг жасади топилган.

Фото: Дурдона Нурматова

Сувда оқиб кетган С.А. яқинларининг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳолат 13 июнь куни соат 15:00 да рўй берган.

«Болаларнинг уйи Қорадарёга жуда яқин жойлашган. Улар ўша куни балиқ тутиш ва чўмилиш мақсадида дарёга борган. Иккиси амакивачча эди. Тўрда балиқ тутишаётган вақтида тенг оқиб кетишган. 14 июнь куни соат 09:30 ларда Т.Н.нинг жасадини аҳолини ўзи қидириб, топди. Олти кундан бери 30−40 нафар аҳоли, фавқулодда вазиятлар бошқармаси ғаввослари билан С.А.ни қидиряпмиз. Лекин топа олганимиз йўқ», — дейди болаларнинг яқин қариндошларидан бири Дурдона Нурматова.

Унинг айтишича, аҳоли вилоят ҳокимлигига мурожаат қилиши ортидан дарё сув сатҳи бир неча кундан буён паст оқмоқда. Айни пайтда қидирув ишлари давом этмоқда.

«Андижон вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ёнғин қутқарув отрядининг Сувда қидирув гуруҳи томонидан сув остида қидирув ишлари олиб борилмоқда», — дейилади вилоят ФВБ ахборотида.