Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — Тошкент давлат юридик университети доценти, гендер тенглиги масалалари бўйича мутахассис, аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси Камола Алиева.

Мутолаа ҳақида

Мен учун мутолаа ўрганиш, ривожланиш ва дунёни англашнинг қиёси йўқ воситасидир.

Мен китобларни нафақат завқу шавққа тўлиш учун, балки билим олиш, ўсиш ва турли истиқболларни тушуниш учун ҳам ўқийман. Китоблар орқали дунёқарашимни бойитадиган турли маданиятлар, ғоялар ва ҳаётий ҳикоялар билан танишаман.

Мутолаа жуда катта аҳамиятга эга, чунки у тафаккуримизни фаоллаштиради, тасаввуримизни ривожлантиришга, янги билим ва кўникмаларни ўзлаштиришга ёрдам беради. Жамият борган сари турфа ва шиддатли кўриниш олаётган ҳозирги даврда жуда муҳим ҳисобланган ҳамдардлик ва ҳамфикрлик ҳисларининг шаклланишига ҳам айнан китоблар ёрдам беради.

Китобларни, имкониятдан келиб чиқиб, турли форматларда (электрон китоб, аудиокитоб, босма) ва турли тилларда (ўзбек, рус ва инглиз) ўқийман. Сўнгги йилларда кўпроқ илмий фаолиятим («Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш масалалари») билан боғлиқ адабиётларга вақт сарфладим. Ўқиганларим орасида, хусусан, Twitter’даги фаол аёллар томонидан ташкил этилган «BookClubUz» томонидан тавсия қилинган китоблар ҳам бор.

Сўнгги ўқилган китоблардан тавсиялар

Дженни Нордберг. «Подпольные девочки Кабула. История афганок, которые живут в мужском обличье». «Бомбора» нашриёти. 2023 йил. 496 саҳифа

камола алиева, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Афғонистондаги аёллар, айниқса, ҳуқуқ ва эркинликлари қатъий чекланган жамиятда яшаб қолиш учун ўзининг ҳақиқий жинсини яширишга мажбур бўлаётган қизлар ҳаёти билан яқиндан танишиш имконини берувчи чуқур ва таъсирли тадқиқот. Китоб қизларни балоғатга етгунига қадар ўғил боладек тарбиялаб, ўғил боладек кўрсатувчи «бача-пўш» амалиёти ҳақида ҳикоя қилади. Ушбу анъанавий урф-одат Афғонистонда чуқур илдиз отган, мамлакат хотин-қизлари ҳар куни тўқнаш келадиган гендер тенгсизлиги ва адолатсизликларини ўзида ифода этади.

Муаллиф ўзига хос таъсирчанлик ва ҳурмат билан бу хотин-қизларнинг ҳақиқий турмушини кўрсатиб берувчи эшикни очади ва муштарийларни уларнинг яшаш учун кураш жараёни билан танишишга таклиф қилади. Бу аёллар ҳуқуқлари ва гендер муаммоларига қизиқувчи барча учун, шунингдек, тенглик ва адолат йўлидаги курашда ўз ролини тушунмоқчи ва кучайтирмоқчи бўлганлар учун муҳим асар, деб ҳисоблайман.

Маргарет Этвуд. «Рассказ служанки». «Эксмо-пресс» нашриёти. 2017 йил. 352 саҳифа

камола алиева, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Жинслараро тенглик ва танлов эркинлигига доир муҳим масалаларни олға сурган қизиқарли ва ақлли роман. Асар марказига аёллар таҳқирлаш, эзиш объектига айланган, асосий ҳуқуқ ва эркинликларидан маҳрум қилинган дистопик жамият олиб чиқилган. Маргарет Этвуд маҳорат ва ўзига хос эҳтиёткорлик билан ўқувчини эркинлик ва тенг ҳуқуқлиликнинг қадри ҳақида ўйлашга мажбур қилувчи олам ҳақида ёзади. Айни вақтда, «Хизматкор аёл ҳикояси»ни тўлиғича тоталитор ғояга бўйсундирилган жамият қандай кўриниш олиши мумкинлиги ҳақидаги тадқиқот ҳам дейиш мумкин.

Мен бу китобни айниқса эътиборга молик деб ҳисоблайман. У ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси муҳим экани ва уларни тақдирнинг туҳфасидек қабул қилмаслик лозимлигини эслатиб туради. Бу асар бизни ижтимоий ҳаёт ҳамда тенглик ва адолат учун курашнинг фаол иштирокчиси бўлишга чақирувчи адабиётнинг кучли бир намунасидир.

Daniel J. Siegel, Tina Payne Bryson. «The Whole-Brain Child: 12 Revolutionary Strategies to Nurture Your Child’s Developing Mind». Delacorte Press нашриёти. 2011 йил. 192 саҳифа

камола алиева, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Ушбу китоб ота-оналар ва тарбиячиларга болалар миясини яхшироқ тушунишга ёрдам беради ҳамда фарзандларни соғлом, мувозанатли ва бахтли қилиб вояга етказишда фойдали бўладиган стратегиялар билан таништиради.

Муаллифлар миянинг ривожланиши мавзусига сўнгги илмий тадқиқотлардан келиб чиқиб ёндашади, ўз навбатида, хулосаларини оддий ва тушунарли тилда етказади. Китобда кундалик ҳаётда осон татбиқ этиш мумкин бўлган 12 инқилобий стратегия таклиф қилинади — бу стратегиялар болаларга ўз ҳиссиётларини бошқариш ва муаммоларни самарали ҳал қилиш кўникмаларини шакллантиришга ёрдам беради.

Ушбу китоб мен учун шуниси билан қадрлики, у болаларнинг руҳий саломатлиги ҳақида қайғуриш ва уларнинг ривожланишини энг эрта ёшдан бошлаб қўллаб-қувватлаш муҳимлигини алоҳида қайд этади. Бу Ўзбекистонда таълим ва тарбия шароитларини яхшилаш ишлари олиб борилаётган бир вақтда айниқса долзарб. Умуман, болалар ривожи ва фаровонлигига бефарқ бўлмаган ҳамма учун фойдали манба.

Кэролайн Криадо Перес. «Невидимые женщины: Почему мы живем в мире, удобном только для мужчин. Неравноправие, основанное на данных». «Альпина Паблишер» нашриёти. 2020 йил. 550 саҳифа

камола алиева, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Кэролайн Криадо Переснинг мазкур асарини бугунги жамиятда гендер тенгсизлик қанчалар чуқур илдиз отганини зўр тушунтириб берувчи манба, деган бўлардим.

Муаллиф изчил тадқиқот асосида дунёнинг дизайни — технологиялардан тортиб то шаҳар инфратузилмаларигача барчаси — аёлларнинг эҳтиёжлари ва манфаатлари эътиборга олинмагани ҳолда, одатда эркакларга қулай ва мослаштирилганини кўрсатиб берган. У фақат эркакларнинг эмас, балки барча одамларнинг эҳтиёжларини инобатга олиниши учун лойиҳалаштириш ва қарор қабул қилиш босқичида тўлақонли ва ҳар томонлама ўрганилган маълумотлардан фойдаланиш муҳимлигига эътиборни қаратади.

Гендер тенгсизликлари нафақат маданий жиҳатдан сингиб кетган бўлиши, балки жамиятга тузилмавий «ўрнатилиши» ҳам мумкинлигини тушунтириши нуқтаи назаридан мазкур китобни муҳим манба деб ҳисоблайман. «Кўринмас аёллар» ҳаракатга ундайди, у сиёсат, қонун ва стандартларни ишлаб чиқишда барча одамларнинг эҳтиёжларини тан олиш ва ҳисобга олиш зарурлигини уқтиради.

Жорж Оруэлл. «Молхона». Asaxiy Books нашриёти. 2019 йил. 100 саҳифа

камола алиева, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Яқинда Жорж Оруэллнинг «Молхона»сини яна бир бор қайта ўқиб чиқдим. Бу — ҳокимият, коррупция ва ижтимоий адолатга доир муҳим масалаларни илгари сурувчи сиёсий сатиранинг мумтоз намунасидир. Бир қарашда у ҳайвонларнинг ўз эгасига қарши исёни ҳақидаги оддий ҳикоядек кўринади, аммо воқеалар ривожланавергани сайин асарнинг маъно-мазмуни аслида чуқурроқ эканини англайсан киши.

Оруэлл авторитаризм ва ижтимоий адолатсизлик мавзуларини тадқиқ этиш йўлида қочирим ва киноялардан моҳирлик билан фойдаланади ва ҳокимиятнинг табиати, у қандай қилиб суиистеъмол қилиниши мумкинлиги ҳақидаги чуқур мулоҳазалари билан ўртоқлашади.

«Молхона» тенглик ва демократия учун кураш мунтазам бўлиши кераклигига алоҳида урғу бериб, ҳокимиятни суииистеъмол қилиш ҳолатларига ҳар биримиз ҳушёр бўлишимиз кераклигини уқтиради. «Молхона» — жамият ҳаётида фаол иштирок этиш ва асосий ҳуқуқларимизни ҳимоя қилиш муҳимлиги ҳақида мушоҳада юритишга чақирувчи таъсирли ва кучли китобдир.

Ёшларга тавсиялар

Ёш авлод ўқиши қатъий тавсия этиладиган китоблар рўйхатини тузиш мен учун анча-мунча қийин бўлди. Чунки мен китобларни ҳар ким ўз қизиқишларидан келиб чиқиб танлаши керак, деб ҳисоблайман.

Қуйида мен ўзим учун айниқса қадрли бўлган китоблар рўйхати билан бўлишмоқдаман:

  • Пиримқул Қодиров. «Юлдузли тунлар»;
  • Пиримқул Қодиров. «Ҳумоюн ва Акбар»;
  • Абдулҳамид Чўлпон. «Кеча ва кундуз» (сотиб олиш);
  • Дженни Нордберг. «Подпольные девочки Кабула. История афганок, которые живут в мужском обличье»;
  • Жорж Оруэлл. «1984» (сотиб олиш);
  • Жорж Оруэлл. «Молхона»;
  • Кэролайн Криадо Перес. «Невидимые женщины: Почему мы живем в мире, удобном только для мужчин. Неравноправие, основанное на данных»;
  • Жон Бойн. «Йўл-йўл пойжома кийган болакай» (сотиб олиш);
  • Александр Дюма. «Граф Монте Кристо» (сотиб олиш);
  • Оскар Уайльд. «Дориан Грей портрети» (сотиб олиш).