«Толибон», «Ал-Қоида» ва «Теҳрик-и-Толибон Покистон» (ТТП) террорчилик гуруҳлари ўртасидаги алоқа «кучли ва ўзаро манфаатли» бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда БМТ Хавфсизлик кенгаши қўмитасининг Таҳлилий қўллаб-қувватлаш ва санкциялар мониторинги гуруҳи ҳисоботида айтилади.

««Толибон»нинг ҳукмронлиги остида бир қатор террористик гуруҳлар катта ҳаракат эркинлигига эга. Улар Афғонистонда ҳам, минтақада ҳам терроризм таҳдиди кучайиб бораётган бир пайтда бу вазиятдан фаол фойдаланмоқда», — дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда айтилишича, «Ал-Қоида» ўз фаолиятини қайта тиклаётгани аломатлари бор ва гуруҳ «Толибон» бошқарувидаги Афғонистонни «хавфсиз бошпана» деб билади.

Шу билан бирга, толиблар ўзларининг «асосий рақиби» сифатида кўраётган «Ироқ ва Шом Ислом давлати — Хуросон» («ИШИД-Х»)га қарши курашишга ҳаракат қилмоқда. «БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо давлатлар «ИШИД-Х»ни «Афғонистон, қўшни давлатлар ва Марказий Осиёдаги энг муҳим террорчилик таҳдиди» деб баҳолайдилар», дейилади ҳисоботда.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, «ИШИД-Х» жангарилари сони 4000 дан 6000 нафаргача бўлиши мумкин. Гуруҳ ўтган йил давомида мамлакатда янги ўқув лагерларига эга бўлди. Ҳисоботда қайд этилишича, «ИШИД-Х» «ТТП» аъзолари, уйғурлар ҳамда «Толибон» мафкурасидан норози бўлган этник тожик ва ўзбек озчилик вакилларини ёллашни мақсад қилган.

Ҳисоботнинг бир қисми «Толибон»даги ички муносабатларга ҳам бағишланган. Қайд этилишича, «Толибон» Афғонистонда ҳокимиятни илк марта қўлга киритган пайтда (1996 йилдан 2001 йилгача) ҳаракат маъмурияти томонидан олиб борилган «чекловчи, паштунларга йўналтирилган автократик сиёсатга» қайтган.

Мутахассисларнинг фикрича, «Толибон» раҳбарияти ичидаги низолар «яққол кўриниб турибди», бу вақтда эса Ҳайбатуллоҳ Охундзоданинг (2016 йилдан буён «Толибон» етакчиси ва теологи — таҳр.) нуфузи ошиб бормоқда.

«Ушбу бўлинишлар, асосан, халқаро ҳамжамият билан муносабатларда кўпроқ ўзаро мувофиқлик ва мослашувчанликни намойиш қилмоқчи бўлган прагматистлар ва халқаро ҳамжамиятнинг бир қатор қадриятлари ва сиёсатига мос келмайдиган эътиқодга эга бўлган консерваторлар ўртасида содир бўлмоқда», — дейилади ҳисоботда.

«Толибон» раҳбариятидаги асосий низолар Ҳайбатуллоҳ ва унга яқин уламолар жойлашган Қандаҳордаги ҳокимият марказлари ва амалдаги вазирлар маҳкамаси фаолият юритадиган Кобулдаги фракциялар ўртасида кечмоқда.

«Турли фракция етакчилари ўртасида давом этаётган ҳокимият кураши вазиятни янада беқарорлаштиради, шу даражага келадики рақиб гуруҳлар ўртасида қуролли тўқнашувлар келиб чиқиш хавфи яққол намоён бўлади», — дейилади ҳисоботда.

Шу билан бирга, экспертларнинг фикрича, яқин бир-икки йил ичида «„Толибон“ яхлитлиги катта эҳтимол билан сақланиб қолади».

Ҳисобот эълон қилинганидан сўнг, Толибон бу бўйича изоҳ берди. «Толибон» матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид бу ҳисоботни «асоссиз ва нохолис» деб атади. Шунингдек, у «Толибон» раҳбарияти ўртасидаги низолар ҳақидаги даъволар афғонларга нисбатан «аниқ душманлик» эканини айтди.