Осиё инфратузилма инвестициялари банки Сурхондарёда 1560 МВт қувватга эга бўлган буғ-газ электр станциясини қуриш учун 225 миллион евро ажратишини эълон қилди.

Энергетика вазирлигининг хабар беришича, лойиҳага Ислом тараққиёт банки ҳам 100 миллион евро миқдорида маблағ ажратади.

Лойиҳа Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида, «Учқизил» сув омборининг шимоли-шарқида жойлашган ҳудудда амалга оширилади. Лойиҳа 2022 йилнинг апрелида ишлаб чиқилган ва шу йил 17 майгача сўнгги баҳолаш ишлари олиб борилган.

Ундан асосий мақсад эса Ўзбекистон энергетика секторини карбонсизлаштириш стратегиясига мувофиқ, юқори самарадор электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватларини ошириш экани айтилган.

Инвестициялар Ўзбекистон иқтисодиётига давлатнинг ҳеч бир кафолатисиз йўналтирилиши мўлжалланган.

2015 йилда ташкил этилган ва бош қароргоҳи Пекинда жойлашган ОИИБ 57 та иштирокчи давлатни ўзида бирлаштирган бўлиб, ташкилотнинг устав капитали 100 млрд долларни ташкил этади.

Аввалроқ Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ислом тараққиёт банки билан қишлоқ ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, мактабгача таълимни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан 400 млн долларлик битимлар имзоланганди.