Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 8 август куни мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган Осиё инфратузилма инвестициялари банки (ОИИБ) президенти Цзинь Лицюнни қабул қилди, деб хебер берди ЎзА.

Учрашув чоғида Ўзбекистон Республикасида умумий қиймати 2,7 миллиард доллар бўлган истиқболли лойиҳаларни — сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш, энергетика инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий автомобиль йўллари қуриш, темир йўлларни электрлаштириш ва пойтахт метрополитени тармоғини кенгайтириш ва бошқа лойиҳаларни амалга оширишга доир ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хусусий инвестицияларни тўғридан-тўғри жалб қилиш механизмини яратиш бўйича ҳамкорлик имкониятлари мавжудлиги алоҳида таъкидланди.

Осиё инфратузилма инвестициялари банки президенти Цзинь Лицюнь Президент Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ва ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик изҳор этди. Банк Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва кенг кўламли ҳамкорлик қилишга тайёр эканини алоҳида таъкидлади.

2015 йилда ташкил этилган ва бош қароргоҳи Пекинда жойлашган ОИИБ 57 та иштирокчи давлатни ўзида бирлаштирган бўлиб, ташкилотнинг устав капитали 100 млрд долларни ташкил этади. Бугунги кунда банк дунёнинг турли мамлакатларида 17 инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда фаол қатнашмоқда.

Ўзбекистон 2016 йилнинг ноябрь ойида банкни таъсис этиш тўғрисидаги битим доирасида давлатнинг ички тартиб-таомилларини бажарди ва ушбу халқаро молия институтининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлди.