Шавкат Мирзиёев 27 апрель куни Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассирни қабул қилди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра, янги ўрта муддатли шериклик дастури доирасида банк гуруҳи билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

ислом тараққиёт банки, ўзбекистон

Таъкидланишича, бугунги кунда қўшма лойиҳалар портфели иқтисодиётнинг устувор тармоқларини қамраб олган ҳолда 1,3 миллиард доллардан ошган.

Форум доирасида қишлоқ ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, мактабгача таълимни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан умумий қиймати 400 миллион долларлик битимлар имзоланди.

Учрашувда, шунингдек, амалий ҳамкорликни ривожлантириш, тадбиркорлик ва хусусий инвестицияларни қўллаб-қувватлаш, молиявий воситаларни такомиллаштириш, банк тузилмаларини лойиҳа ишларига фаол жалб қилиш борасида аниқ лойиҳаларни илгари суриш, мамлакатнинг ЖСТга қўшилиши ва инновацион экотизимни яратиш масалаларида техник кўмакни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу йилнинг март ойида Ислом тараққиёт банки Ўзбекистондаги қишлоқ жойларни ривожлантириш учун 200 млн доллар ажратганди. Лойиҳада 113 та қишлоқни ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқларини, электр таъминоти тизимини яхшилаш режалаштирилган.

2021 йилда ҳам ИТБ ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси томонидан Ўзбекистондаги қишлоқ жойларини ривожлантириш лойиҳаси учун $275 млн миқдорида қарз ажратилиши маълум қилинганди. Лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларининг 20 та туманидаги 170 та МФЙ ҳудудларида амалга ошириши айтилган.