Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг фарғоналик сайловчилар билан учрашувида Қўқон шаҳридаги буюм бозорида содир бўлган ёнғин ҳақида тўхталиб ўтди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар қилди.

«Бир масалага алоҳида тўхталиб ўтсам. Шу ҳафтада Қўқондаги буюм бозорида содир бўлган ёнғин юзлаб тадбиркорларимизга зарар етказди. Қўқонлик тадбиркорларимиз хотиржам бўлсин, биз ҳеч кимни ўз ҳолига ташлаб қўймаймиз! Бу бозор узоғи билан бир ойда тўлиқ тиклаб берилади, бунга барча куч ва воситаларни сафарбар қиламиз. Ким қайси дўконда фаолият юритган бўлса, ўша ерда тадбиркорлигини давом эттиради», — деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг қайд этишича, ёнғиндан зарар кўрган барча тадбиркорларнинг кредит ва солиқ тўловлари муддати кечиктирилади. Уларнинг қайтадан «оёққа туриб олишлари» учун айланма маблағ учун имтиёзли кредитлар ажратилади. Ёнғин оқибатида бозорга туташ ҳудудларда зарар кўрган аҳоли хонадонлари тўлиқ таъмирлаб берилади.

«Умуман, етакчи лойиҳа ташкилотларини жалб қилиб, бозорларни замонавий, қулай, барча хавфсизлик талабларига жавоб берадиган савдо комплексларига айлантириш бўйича катта дастур қабул қиламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, Қўқон шаҳридаги «Буюк Ипак йўли» бозорида юз берган ҳодиса соат 12 июнь куни соат 19:17 да бошланган, соат 19:25 да биринчи бўлинмалар етиб борган вақтда савдо комплекcлари очиқ аланга билан ёнаётгани аниқланган. Ёнғин-қутқарув бўлинмалари томонидан кўрилган ҳаракатлар натижасида ҳудуд 20:25 да қуршаб олинган.

Соат 23:12 да вазирлик ёнғинни ўчириш жараёни акс этган лавҳаларни эълон қилди. Бу пайтда маҳаллий Telegram каналлар ёнғин ҳали тўлиқ ўчирилмагани ҳақида хабар берди. Соат 23:30 га келиб, ҳодиса бартараф этилган.

Kun.uz мухбирининг воқеа жойидан хабар беришича, юздан ортиқ тадбиркорнинг мол-мулкларига зарар етган. «Ичкарида 150−200 миллион сўмлик маҳсулотларимиз бор эди, фақат 2−3 қоп юкимизни олишга улгурдик. Қолгани ёниб кетди, қўлимиздан ҳеч нарса келмади», — дейди савдогарлардан бири.

Бош прокуратура матбуот хизмати мазкур ёнғин бўйича Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилганини билдирди. Вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Дилмурод Жумабоевнинг сўзларига кўра, қурилиш ишлари 15 кунда якунланади. Бунинг учун етарли қурувчилар жалб этилиб, вазият назоратга олинади.

«Қурилиш ишлари учун тадбиркорлардан ҳеч қандай маблағ олинмайди. Барча ишлар бозор маъмурияти ҳисобидан қилинади, бунинг учун маъмуриятга етарли банк кредити тақдим этиладиган бўлди. Ҳозирда зарар миқдорини аниқлаш ишлари кетяпти», — деди у.