12 июнь куни тармоқларда яшил ҳудудлар фавворалар орқали яна пала-партиш тарзда суғорилаётгани акс этган видео ва фотолар тарқалди. Экоблогер «O‘rikguli» (Мўътабар Хушвақтова) ушбу ҳолатга боғлиқ навбатдаги кадрларни эълон қилди.

«Газета.uz» билан суҳбатлашган блогернинг сўзларига кўра, яшил маконлар ичимлик суви билан суғорилмаса-да, уни исроф қилиш нотўғри ва кўп миқдорда қуйилган сув дарахтларнинг илдизини чиритади.

«2 йилдан бери шу мавзуни кўтариб келяпман. Суғориш фавворалари нотўғри ишлатиляпти. Улар таъмирга муҳтож. Умуман, тизимни янгилаш керак, деб ўйлайман. Бундан айнан шу муаммоларга эътибор қаратишни мақсад қилдим. Бу орқали ичимлик суви бўлмаса-да, жуда кўп сув исроф бўляпти. Барибир уни ҳам исроф қилиш нотўғри», — деди у.

У эълон қилган суратлар Чилонзор туманидаги йўллар, «Бунёдкор» стадионининг атрофи ва бошқа кўплаб жойлардан олинган.

«Шу вақтгача ушбу лойиҳамга ҳеч қандай муносабат бўлмади. Ҳеч қайси масъул сўровларга жавоб бермади. Фақат ўтган сафар эълон қилган видеомга нисбатан „Газета.uz“ ўз мақоласида шаҳар ободонлаштириш бошқармасидан изоҳ олиб, уни чоп этди. Шундан сўнг фақат видеода кўрсатилган жойларгагина эътибор қаратилди», — деди экоблогер.

Унинг айтишича, блогер бу борада Экология вазирлигининг Instagram саҳифасига мурожаат қилган, улар бу вазифа бизга тегишли эмас, дея жавоб берган. «Ўзсувтаъминот»га (телефон орқали) мурожаат қилиб, боғлана олмаган.

«Ечими топилмагунча мана шу мавзуни кўтаришни режа қилганман. Бу борада яна бир нечта видео эълон қиламан. Кеча Ёшлар парламенти билан гаплашдим. Улар бизга ёрдам беришларини айтишди. Кўрамиз, улардан умидим бор», дея қўшимча қилди у.

Экоблогерга кўра, ҳозирда унинг лойиҳасига қўшилиш учун кўпчилик қизиқиш билдирмоқда.

«Буни эълон қилган видеоларим оммалашишни бошлаганидан ҳам сезиш мумкин. Одамлар бу муаммони ўзлари кўриб юришган. Мен эълон қилган видеоларнинг кўп қисмини менга айнан обуначиларим юборган. Бу уларнинг масалага бефарқ эмаслигини билдиради», — дея таъкидлади «O‘rikguli».

Шунингдек, журналист Санжар Саид ҳам пойтахтда сув қувури очилиб, нотўғри суғорилаётган дарахтларни кўргани ва бу ҳақда Xalq nazorati платформасига хабар бергани ҳақида хабар қолдирди. Унинг сўзларига кўра, масъуллар шундан сўнг қисқа вақт ичида муаммони бартараф этган.

Аввалроқ пойтахт Ободонлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Махсус суғориш ускуналарини таъмирлаш ва сақлаш ихтисослаштирилган бошқармаси бошлиғи «Газета.uz»га айни вақтда тизимда етарлича ишчи кучи йиғиш қийин кечаётгани, ҳудудларда кутилаётган муаммолар ҳам айнан ходимлар масаласи билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақида айтганди.