22 май куни жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳри судида Андижондаги 3-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳкумни аёвсиз дўппослаб, унинг ўлимига сабабчи бўлган ички ишлар ходимлари ва бир нафар маҳбусга нисбатан ҳукм ўқилди, деб хабар бермоқда Олий суд матбуот котиби.

Kun.uz нашрининг ёзишича, марҳум — 32 ёшли С.М. Андижон вилояти Шаҳрихон туманида яшаган. У суд томонидан унга тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилгани боис 2022 йилнинг 19 март куни ИИВ Жазони ижро этиш департаменти тергов ҳибсхонасига (Андижон шаҳрида жойлашган — таҳр.) олиб келинган.

С.М. 21 март куни 12 нафар ички ишлар органи ходими томонидан тергов ҳибсхонасининг камера ўрнатилмаган жойида аёвсиз калтакланиб, қийноққа солинган, — дейилади хабарда.

Суд ҳукмида қайд этилишича, марҳум дўппослаш оқибатида ҳаёт учун хавфли оғир жароҳатлар олган. Унга тиббий ёрдам кўрсатилмай, ҳибсхонанинг 32-камерасига жойлаб қўйилган. Оғриқлар таъсирида бўлган С.М. у ерда бошқа бир маҳбус Ж.У. билан тортишиб қолиб, оқибатда яна бир марта калтакланган. Воқеадан тахминан 3,5 соат ўтгач, С.М.да биологик ўлим қайд этилган.

Тергов ҳибсхонаси даволаш профилактика ёрдам кўрсатиш бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган Т.А. ва бўлим шифокор-психиатри Ш. А. калтакланган С.М.ни 32-камерага жойлашдан олдин тиббий кўрикдан ўтказган. Аммо ўз вазифаларини лозим даражада бажармай, марҳумни объектив баҳоламаган, оқибатда унинг ўлимига йўл қўйиб берган, — дея таъкидланади хабарда.

Маълум бўлишича, маҳкумда бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, бош мия юмшоқ ва қаттиқ парда остига қон қуйилиши, бош мия шиши аниқланган. Бироқ шифокорлар С.М.нинг тиббиёт дафтарчасига унинг аҳволи яхши экани, ташқи тан жароҳатлари мавжуд эмаслиги ҳақида қайдлар ёзган.

Суд ҳукмига кўра, ИИВ ЖИЭДга қарашли 3-сонли тергов ҳибсхонасининг қуйидаги ходимлари озодликдан маҳрум этилди:

  • ҳибсхона бошлиғи ёрдамчиси — смена бошлиғи У.А. 4 йилга;
  • тартибот бўлими катта инспектори Ж.Р. 4 йилга;
  • тартибот бўлими корпус каттаси Э.Р. 4 йилга;
  • тартибот бўлими катта назоратчиси М.Ж. 4 йилга;
  • тартибот бўлими катта назоратчиси С.И. 4 йилга;
  • тартибот бўлими катта назоратчиси М.М. 4 йилга.

Шунингдек, ушбу жиноятда айбли деб топилган ходимларга нисбатан озодликни чеклаш жазоси тайинланди:

  • 3-сонли тергов ҳибсхонаси бошлиғи Ғ.Ғ. 3 йилга;
  • тартибот бўлими корпус каттаси З.Ш. 3 йил;
  • тезкор қидирув бўлинмаси катта тезкор вакили И.И. 3 йилга;
  • тартибот бўлими назоратчиси Ж.М. 3 йилга;
  • даволаш-профилактика ёрдам кўрсатиш бўлими бошлиғи Т.А. 3 йилга;
  • даволаш профилактика ёрдам кўрсатиш бўлими шифокор-психиатри Ш. А. 3 йилга муддатга уй қамоғига ҳукм қилинди.

Марҳумни камерада калтаклаган маҳбус Ж.У.га эса илгари тайинланган жазонинг ўталмай қолган жазосини мазкур ҳукм билан тайинланган жазога қисман қўшиш йўли билан 4 йилу 1 ойга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Суд ҳукмида қайд этилишича, С.М.нинг ўлимида айбдор деб топилган 12 нафар собиқ ходимнинг 10 нафари 1,5 йил, 2 нафари эса 1 йил муддатга ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Олий суд матбуот котиби Азиз Абидовнинг маълум қилишича, айни пайтда биринчи инстанция судининг ҳукми қонуний кучга кирмаган бўлиб, ундан норози бўлган 9 нафар судланувчи томонидан апелляция шикоятлари берилган.

«Ҳозирги кунда ушбу шикоятлар Тошкент вилояти судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқиш учун расмийлаштирилмоқда», — дейилади ахборотда.