Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва Халқаро молия корпорацияси (IFC) Ўзбекистонда меҳнат шароитларини яхшилаш ва мамлакатнинг асосий тармоқлари бўлган тўқимачилик ва тикувчилик саноатининг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган янги Better Work дастурини ишга туширди. Бу ҳақда IFC «Газета.uz» хабар берди.

IFC, ХМТ ва 3 нафар ўзбекистонлик иштирокчи, жумладан, ҳукумат, иш берувчилар ва ишчилар ташкилотлари 30 май куни дастур шартларини ўз ичига олган ўзаро англашув меморандумини имзолаган, ҳужжат дастлаб 24 ойга мўлжалланган.

«Better Work (Яхшироқ иш)» дастури меҳнат стандартларини таъминлаш ва тўқимачилик ва тикувчилик корхоналарининг рақобатбардошлигининг мувофиқликни баҳолаш, ўқитиш ва техник ёрдам орқали сифатни оширишга қаратилган. Бу Ўзбекистон тўқимачилик ва тикувчилик фабрикаларида саноатни ривожлантириш ва меҳнат меъёрларини таъминлашга кўмаклашади.

«Дастур тўқимачилик ва тикувчилик саноатида барқарор ўсишни таъминлайди, бу эса асосан мамлакат бўйлаб қишлоқ жойларида тикувчилик саноатида ишлайдиган аёллар учун минглаб янги муносиб иш ўринларини яратишга ёрдам беради», — деди Better Work дастури делегацияси раҳбари Конор Бойл.

Меморандум Ўзбекистон ҳукумати, Жаҳон банки, ХМТ ва бошқа манфаатдор томонларнинг пахта далаларида меҳнат ва экологик стандартларни яхшилаш бўйича узоқ муддатли саъй-ҳаракатларига асосланади. IFC 2016 йилдан буён маслаҳат ва молиявий ёрдам кўрсатиш орқали Ўзбекистонда пахта ва тўқимачилик саноатини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаб келади.

ХМТ 2013 йилдан буён Ўзбекистоннинг тўқимачилик соҳасида, жумладан, пахта йиғим-терими мониторинги орқали фаолият юритади ва 2022 йилда Ўзбекистон пахта ишлаб чиқаришда тизимили мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам берилганини тасдиқлади. Ўзбекистонда Better Work дастурини дастлабки молиялаштириш Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) томонидан тақдим этилди.

«Умид қиламизки, Better Work дастури жаҳон брендлари ва тўқимачилик компанияларига Ўзбекистоннинг тўқимачилик саноати ва тикувчилик саноати афзалликлари ва барқарорлиги ҳақида катта сигнал беради», — деди IFC`нинг Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва Туркиядаги ишлаб чиқариш, агробизнес ва хизматлар бўлими раҳбари Лукас Кейси.