12 июнь куни кечки пайт Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги «Буюк Ипак йўли» бозорида кенг кўламли ёнғин содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, ёнғин 4 соат давомида бартараф этилди.

Ҳодиса соат 19:17 да бошланган, соат 19:25 да биринчи бўлинмалар етиб борган вақтда савдо комплекcлари очиқ аланга билан ёнаётгани аниқланган. Ёнғин-қутқарув бўлинмалари томонидан кўрилган ҳаракатлар натижасида ҳудуд 20:25 да қуршаб олинган.

Соат 23:12 да вазирлик ёнғинни ўчириш жараёни акс этган лавҳаларни эълон қилди. Бу пайтда маҳаллий Telegram каналлар ёнғин ҳали тўлиқ ўчирилмагани ҳақида хабар берди. Соат 23:30 га келиб, ҳодиса бартараф этилган.

Kun.uz мухбирининг воқеа жойидан хабар беришича, юздан ортиқ тадбиркорнинг мол-мулкларига зарар етган. «Ичкарида 150−200 миллион сўмлик маҳсулотларимиз бор эди, фақат 2−3 қоп юкимизни олишга улгурдик. Қолгани ёниб кетди, қўлимиздан ҳеч нарса келмади», — дейди савдогарлардан бири.

Бош прокуратура матбуот хизмати мазкур ёнғин бўйича Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилганини билдирди. Ҳозирда вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Унинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдорини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда», — дейилади ФВВ хабарда.