«Газета.uz» Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан Ўзбекистон президентлигига номзод Улуғбек Иноятовнинг сайловолди дастурини тақдим этади (биография).

1. Кучли ижтимоий сиёсат — ижтимоий давлатчилик пойдевори, барқарор жамият ва фаровон турмуш асоси

Халқ демократик партияси томонидан сайловолди дастурдаги асосий мақсад сифатида янги Конституцияда белгиланган «давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини самарали амалга ошириш механизмларини белгилаш ҳамда демократик ижтимоий давлатни барпо этиш учун» қуйидаги устувор йўналишлар таклиф этилади.

Давлат аҳоли манфаатларини тўлақонли таъминлаш мақсадида кучли ижтимоий сиёсат юритиши лозим, деб ҳисоблайди партия. Дастурда мазкур йўналишда қуйидагиларга эътибор қаратиш кераклиги таъкидланган:

  • аҳолининг эҳтиёжманд қатламларининг яшаш шароитларини яхшилаш;
  • ҳар бир инсоннинг бирламчи ҳаётий эҳтиёжларига етадиган энг кам истеъмол харажатларини қонун даражасида белгилаш мақсадида «Энг кам истеъмол харажатларини белгилаш тартиби тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш;
  • фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриш, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга ғамхўрлик қилиш;
  • ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, бепул таълим олиши, ўқув муассасаларини тугатгандан сўнг ишга жойлашиш кафолатини мустаҳкамлаш;
  • барча фуқаролар учун адолатли давлат пенсия таъминоти тизимини жорий қилиш, шу жумладан, эр ёки хотини вафот этганда ҳамда вафот этган шахс кўпроқ пенсия олган тақдирда, ушбу пенсияни унинг ҳаёт бўлган турмуш ўртоғига ўтказиб бериш (пенсияни алмаштириш) тартибини жорий этиш;
  • пенсия ва ижтимоий нафақалар инсоннинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришга етарли бўлишига эришиш.

Ижтимоий ҳимоя қилиш тизими барча муҳтож фуқароларни тўлиқ қамраб олиши зарур, деб ҳисоблайди партия. Бунинг учун қуйидагиларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилган:

  • пенционерларнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш;
  • иш билан таъминланмаган фуқароларни, айниқса, ишсиз аёллар сонини кескин камайтиришга, фуқароларни камбағаллик ҳолатига тушиб қолишининг олдини олишга ёки камбағаллик тоифасига кириб қолган фуқароларни ундан чиқариш бўйича давлат томонидан тегишли чораларини кўриш;
  • кам таъминланган, лекин, боқимандалик кайфиятида юрган фуқароларни жамиятининг фаол иштирокчисига айлантириш;
  • ёлғиз кексалар, ота-она қарамоғисиз қолган болалар ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётий эҳтиёжларига эътиборни кучайтириш;
  • эҳтиёжманд шахсларга ажратилаётган моддий-ижтимоий ёрдам маблағларининг манзилли ва мақсадли етиб бориши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш.

Шунингдек, партия ногиронлиги бўлган шахсларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, қуйидаги чораларни кўриш зарур деб билади:

  • миллий қонунчиликни БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича конвенциянинг тамойиллари ва меъёрларига тўла мувофиқлаштириш;
  • ногиронлиги бўлган шахсларга оид халқаро меъёрлар ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш;
  • мамлакатда БМТнинг Ногиронларга нисбатан умумжаҳон ҳаракатлар дастурини амалга ошириш бўйича зарурий чоралар кўриш;
  • ногиронлиги бўлган шахсларнинг шаҳар йўловчи транспорти, ижтимоий ва бошқа инфратузилма объектларидан эркин фойдаланиши учун зарур шароитларни кенгайтириш ва ривожлантириш.

2. Арзон уй-жой ва сифатли коммунал хизматлари — одамларнинг ҳаёт сифатини яхшилашнинг муҳим омили

«Биз камбағалларга жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон фарзандларни тарбиялаётган ота-оналар, оғир ижтимоий аҳволга тушган аёллар учун арзон уй-жойлар қурилишини янада кўпайтириш тарафдоримиз», — дейилади дастурда. Ушбу масалани ҳал этишда қуйидагиларни амалга ошириш лозим:

  • мамлакатда замонавий инновацион технологиялар асосида қурилиш материаллари ва конструкциялар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш;
  • кам таъминланган аҳоли учун арзон уй-жой қуришга имтиёзли ипотека кредити бериш амалиётини янада кенгайтириш, ушбу масалани қонун даражасида тартибга солиш;
  • «Уй-жой қурилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш;
  • турар-жойларни қуришда жалб қилинган аҳоли маблағларини ҳимоя қилиш кафолатларини яратиш мақсадида «Кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш қўшган ҳолда қуришда иштирок этиш тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш;
  • аҳолини арзон электр-энергия, иссиқлик ва иссиқ сув тизими билан таъминлаш бўйича ҳудудий инвестиция дастурларини, жумладан, жойларда давлат хусусий шериклик тартибида дастурларни амалга ошириш;
  • коммунал хизматлар тарифлари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш;
  • ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш мақсадида соҳада жамоатчилик назоратини амалга оширишни янада кучайтириш;
  • шаҳарлар ва аҳоли яшаш пунктларида яшил ҳудудлар, истироҳат боғлари, болалар ўйингоҳларини кенгайтириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг дам олиши учун шароитларни яхшилаш;
  • жамоат транспорти бекатлари ва транспорт тўхташ жойларида велосипедлар учун хавфсиз ва ҳимояланган махсус жойлар қуриш.

3. Кафолатли ва сифатли тиббий ёрдам — инсон саломатлиги гарови

Партия бирламчи тиббий ёрдам сифати, айниқса, кам таъминланган аҳолига малакали бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тармоғини ривожлантиришда қуйидагиларни устувор йўналишлар, деб ҳисоблайди:

  • фуқароларнинг соғлиғини сақлаш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида бирламчи ва ихтисослашган тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш, мамлакатда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, профилактик чораларни кучайтириш;
  • тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий қилиш ва тиббий хизматларни рақамлаштириш, шифокорлар томонидан дориларни тайинлашда электрон рецепт тизимига ўтиш ва соҳада қатъий давлат назоратини ўрнатиш;
  • фармацевтика соҳасида давлат назоратини кучайтириш, янги дори воситаларини синовдан ўтказиш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талаблари асосида такомиллаштириш;
  • «Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш;
  • аҳоли соғлиғини ишончли муҳофаза этиш ҳамда аҳоли, оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этиш чораларини кўриш;
  • аҳолининг алоҳида тоифалари, жумладан, пенционерлар, ногиронлиги бўлган шахсларга тақдим этиладиган дори воситалари, протезлаш воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш.

4. Ёшлар таълими — миллат келажаги ва юрт рақобатбардошлигининг гарови

«Билим инсонни комилликка кўтариш билан бирга, у яшаётган жамият ва мамлакатни ҳам юксалтиради. Инсонда билим ва интеллект таълим натижасида шаклланади. Шу боис давлат фуқароларнинг таълимга оид ҳуқуқларини амалга оширишни ўз зиммасига олиши энг асосий вазифадир», — дейилади дастурда.

Таълимда аҳолининг барча қатламларига тенг имкониятлар яратиш учун қуйидаги чораларни кўриш зарур:

  • болаларни мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, бунинг учун давлат янги боғчаларни қуриш, мавжудларини таъмирлаш, давлат, давлат хусусий шерикликдаги боғчаларни кўпайтириш;
  • боғча ва мактабларда болаларнинг хавфсизлиги ва саломатлиги, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши, миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган тарбия, таълимнинг юқори сифати ва мазмундорлигини таъминлаш;
  • мактаб ўқувчилари учун жамоат транспортларидан фойдаланишда табақалашган тарифларни жорий қилиш;
  • таълим биз учун ҳаёт-мамот масаласи эканлигини чуқур англаган ҳолда жисмоний шахсларнинг даромад солиғи ва тадбиркорлик субъектларининг фойда солиғининг амалдаги ставкаси доирасида бир фоизини «мактаб солиғи» сифатида ажратиш, ушбу маблағни мактабгача таълим ва мактабни ривожлантириш учун йўналтириш;
  • мактаблар ўқув дастурларида чет тиллари ва IT бўйича ўқув соатларини кескин кўпайтириш;
  • давлат ҳисобидан олий таълим олиш тизимини такомиллаштириш, кам таъминланган оилаларнинг иқтидорли фарзандларини таълим олишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;
  • талабаларнинг дарсни ўзлаштириши ва уларнинг инновацион фаолиятда иштирокига қараб, стипендиялар миқдорини белгилаш;
  • турар-жой ижараси учун компенсация тизимини докторантларга нисбатан ҳам жорий этиш;
  • олис қишлоқлардаги болалар учун мўлжалланган маданият муассасалари, спорт иншоотлари, «Баркамол авлод» марказлари, мусиқа ва санъат мактабларининг фаолиятини янада ривожлантириш;
  • таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминлаш;
  • ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш, уларга маънавий-маърифий соҳада тенг имкониятларни таъминлаш. Инклюзив таълим соҳасида фаолият кўрсатаётган ўқитувчиларга имтиёзлар тақдим этиш;
  • кутубхоналардан фойдаланиш имкониятини ошириш, уларни барча учун фойдаланиш эркин бўлган ахборот-маданий марказларга айлантириш.

5. Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти — барқарор тараққиёт ва ижтимоий фаровонлик асоси

Бозор иқтисодиётининг самарали амал қилиши учун етарли иқтисодий ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, рақобатни ҳимоя қилиш, шу билан бирга, инфлация ва ишсизликни бартараф этиш давлатнинг муҳим вазифаларини ташкил этади.

Партия ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти тарафдори. Иқтисодий сиёсатнинг ижтимоий самарадорлигини таъминлашда қуйидагиларни устувор вазифалар, деб ҳисоблайди:

  • иқтисодиётда давлатнинг фаол роли ва иштирокини сақлаб қолиш;
  • хусусийлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини ва давлат мулкининг қийматини аниқлаш механизмларини такомиллаштириш;
  • миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш мақсадида тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестицияларни кенг жалб этиш ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш, маҳаллий инвесторларга ҳам хорижий инвесторларга берилганидан кам бўлмаган имтиёзлар бериш;
  • қимматбаҳо мол-мулк учун солиқ жорий этиш, бунда миқдори қонун билан белгилангандан юқори уй-жой, автотранспорт ёки бошқа мол-мулк мулкдорларидан ушбу солиқнинг ундирилишини назарда тутиш;
  • Интернет, ижтимоий тармоқлар орқали тижорий фаолият, реклама билан шуғулланиб, ўртача ойлик номинал иш ҳақидан юқори фойда кўраётганлардан барча ишчи-ходимлар қатори даромад солиғи ундириш тизимига ўтиш;
  • мамлакатнинг иқтисодий қудрати, энг аввало, кафолатланган буджетга бевосита боғлиқлигини инобатга олиб, ундириладиган барча тўловларни (жарима, давлат божи, йиғим, бошқа мажбурий ундирувлар) Давлат буджетига йўналтириш тартибини жорий этиш;
  • барқарор иш ўринлари билан таъминлашга қаратилган қонунчилик базасини такомиллаштириш, меҳнатга лаёқатли аҳолининг шахсий ташаббуслари ва уддабуронлигини рағбатлантириш;
  • фуқароларнинг бандлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, фуқароларнинг касбий тайёргарлиги, қайта тайёрланишини ташкил этиш ва рағбатлантириш;
  • аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар шуғулланиши мумкин бўлган соҳаларни ҳамда ўзини ўзи банд қилган деб ҳисобланадиган фаолият турлари рўйхатини кенгайтириш;
  • юқори қўшимча қийматга эга ва инновацион илғор технологияларга асосланган ишлаб чиқариш тармоқларини жадал ривожлантириш мақсадида самарали молиявий ва солиқ имтиёзларини қўллаш;
  • ўзини-ўзи банд қилиш ва хусусий тадбиркорликдан олинадиган даромадлар ҳисобидан меҳнатга лаёқатли аҳолининг барқарор иш ўринларида бандлигини таъминлашга эришиш.

Партия иқтисодиётда давлатнинг асосий тартибга солувчилик ролини кучайтириш зарур, деб ҳисоблайди. Бунда:

  • ҳудудларнинг барқарор ривожланиши учун давлат даромадларини тенг ва адолатли тақсимлаш, ҳудудий дастурларни амалга ошириш учун давлат буджети, бошқа ички ва ташқи манбалардан қўшимча молиявий ресурсларни сафарбар этиш;
  • умумхалқ аҳамиятига эга иқтисодиёт тармоқларининг бошқарувида давлат иштирокини мустаҳкамлаш;
  • давлат улуши бўлган йирик ишлаб чиқариш корхоналари кузатув кенгашлари таркибига жамоатчилик вакилларини ҳам киритиш орқали уларнинг шаффофлигини янада ошириш;
  • озиқ-овқат маҳсулотлари ва кундалик эҳтиёждаги бошқа товарларни ишлаб чиқариш соҳасида давлат томонидан тартибга солиш чораларини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш;
  • импорт ўрнини босадиган ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматларни ишлаб чиқариш бўйича асосли бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш учун имтиёзли кредитларни жорий этиш лозим.

Партия ички бозорни мамлакатда ишлаб чиқарилган юқори қўшимча қийматга эга товарлар билан тўлдириш барқарор иқтисодий ривожланишнинг асосий омилларидан бири деб ҳисоблайди.

Маҳаллий ҳокимликлар даражасида ҳаёт учун муҳим ва хавфсиз озиқ овқат маҳсулотлар ҳамда кундалик зарур товарларни ишлаб чиқариш бўйича ўрта муддатли ҳудудий дастурларни шакллантириш ва тасдиқлаш лозим. Мазкур дастурларни ҳудудларда иш ўринлари ташкил этишга доир давлат буюртмалари ҳамда ўрта махсус, олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш дастурларига мувофиқлаштириш зарур.

Ҳудудий ривожлантириш дастурларида маҳаллий саноатнинг ўсиши билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг самарадорлигини ошириш, бу борада ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда:

  • қишлоқ хўжалигида натижадорликни ошириш имконини берадиган хўжалик юритиш шаклларини жорий қилиш, шу асосда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг барқарор ва самарали тизимини яратиш;
  • қишлоқ инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва технологияларини ривожлантиришга сармоя киритишни кўпайтириш; қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ҳамда қайта ишлаш корхоналари ўртасида кооперацияни ривожлантириш;
  • қишлоқ хўжалигида маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, рақобатни ошириш, бозорни сифатли ва арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш.

Ушбу вазифаларни ҳал қилиш орқали қуйидаги мақсадларга эришиши қайд этилган:

  • ички бозорни арзон озиқ-овқат маҳсулотлари ва ижтимоий аҳамиятга молик товарлар билан тўлдириш, ушбу маҳсулот ва товарлар нархлари кескин ўсиб кетишини олдини олиш;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда уларни қайта ишлаш корхоналарида барқарор ва юқори ҳақ тўланадиган янги иш ўринлари яратиш;
  • аҳоли, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш самарадорлигини ошириш.

«Биз иқтисодиётни либераллаштириш ва эркин бозор муносабатлари жамиятни ижтимоий ривожлантириш мақсадларига эришиш кафолатини бермайди, деб ҳисоблаймиз. Шу боис давлат ва жамият томонидан иқтисодий ривожланишни мувофиқлаштириш ҳамда тартибга солиш бўйича демократик тизимни шакллантириш лозим», — дейилади партия дастурида. Бунда:

  • иқтисодиётда таркибий ислоҳотларни амалга ошириш ва янги технологияларни жорий этиш масалалари бўйича барча жабҳаларда ижтимоий мулоқот ва жамоат назорати механизмини жорий этиш. Ушбу жараёнларни аҳолининг барқарор, юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларида бандлигини ошириш, меҳнат муҳофазаси, ишлаб чиқаришнинг экологик тозалигини таъминлаш билан уйғунликда олиб бориш;
  • мамлакат аҳолиси ҳар йили қарийб бир миллионга кўпаймоқда, бу давлат олдига янги мактаблар ва касалхоналар, ижтимоий инфратузилмаларни барпо этиш мажбуриятини қўяди.

6. Товар ва хизматларнинг ижтимоий мақбуллиги — тенглик муҳити ва тенг имкониятлар яратади

Ижтимоий аҳамиятга эга товар ва хизматларнинг нархларини шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини қатъий ўрнатиш лозим. Шу мақсадда қуйидаги чораларни кўриш зарур:

  • ишлаб чиқариш соҳасида давлат томонидан тартибга солиш чора тадбирларини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш;
  • юқори ижтимоий аҳамият касб этувчи соҳаларни истеъмолчилар манфаати устунлиги нуқтаи назаридан тартибга солиш. Бунда, тартибга солиш давлат томонидан нархларни ёки уларнинг энг юқори (энг паст) даражасини ўрнатиш орқали амалга ошириш;
  • камбағалларни арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича мақсадли давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш;
  • истеъмол бозорини мамлакатда ишлаб чиқарилган кундалик зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ва товарлар билан тўлдириш.

7. Ижтимоий тенгликка ва халқ ҳокимиятчилигига асосланган демократик бошқарув

Партия мамлакатда ижтимоий тенгликка асосланган халқ ҳокимиятчилиги принципини мустаҳкамлаш орқали демократик ижтимоий давлатни барпо этиш тарафдори. Бу аҳолининг барча, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг давлат, жамият ҳаёти, суд-ҳуқуқ тизимида тенглик асосида иштирок этишини таъминлаш демакдир.

Шу билан бирга, барча инсонларнинг ёши, жинси, ногиронлиги, миллати, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш зарур.

Ушбу мақсадларда партия ижро ҳокимияти томонидан ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг энг муҳим масалалари бўйича қарорлар қабул қилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш механизмини жорий этишга эришиш керак, деб ҳисоблайди

Фуқаролик жамияти институтлари мамлакатда демократия, ҳуқуқий давлат ва шахс эркинликларини таъминлашнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади. Партия мамлакатда кучли фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш тарафдори. Ушбу мақсадда қуйидагиларни амалга ошириш зарур, деб ҳисоблайди:

  • давлат бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг бевосита иштирокини кенгайтириш;
  • давлат функцияларини босқичма-босқич фуқаролик жамияти институтларига бериб бориш орқали уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий шериклик асосида хизмат кўрсатишга ўтиш;
  • аҳоли муаммоларини ҳал этишнинг энг самарали ва адолатли шакли сифатида маҳалла тизимини ривожлантириш, маъмурий, ижтимоий, экологик, маданий ва бошқа муаммоларни ҳал этишда унинг тўлиқ иштирокини таъминлаш;
  • сиёсий партиялар, уларнинг депутатлик бирлашмаларининг ҳуқуқ ва ваколатларини янада кенгайтириш;
  • давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ижтимоий ҳамда давлат-хусусий шериклик амалиётини кенг ривожлантириш; жамоатчилик назорати, давлат бошқаруви ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда, қонун ҳужжатлари, давлат бошқаруви органлари фаолияти натижаларини муҳокама этишда фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг бевосита иштироки даражасини ошириш;
  • фуқаролик жамияти институтларини маҳаллий миқёсда қўллаб қувватлаш, туманлардаги нодавлат нотижорат ташкилотларини фаолиятини кенгайтириш.

Ёшларга оид давлат сиёсати ёшларнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилиши лозим. Салоҳиятли ёшларга сиёсий партиялар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари тизимида ишлашни рағбатлантириш зарур.

Партия давлат органлари фаолиятига аҳолининг ижтимоий кайфиятига таъсир кўрсатадиган муаммоларни олдиндан аниқлаш ва уларни самарали ҳал қилиш механизмларини кенг татбиқ этиш зарур деб ҳисоблайди.

8. Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари — қонун устуворлигини, тенглик ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш гарови

Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича суд механизмларининг мақбуллигини таъминлаш, қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва имкониятлар тенглигига қатъий амал қилиш суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этишдаги устувор йўналишлар ҳисобланади.

Янги Конституциядан келиб чиқиб, давлат инсоннинг асосий, табиий ва ажралмас ҳуқуқларини таъминлаши ва кафолатлаш мақсадида қуйидагиларни амалга ошириш зарур:

  • вилоят, туман (шаҳар) даражаларида судлар раисларининг ҳар йили ротация қилиш амалиётини киритиш лозим, ушбу чора суд раисларининг бошқа судьяларга таъсир қилиш имкониятини чеклайди, судьялар ягона мақоми амалда
  • ўз тасдиғини топишига хизмат қилади ҳамда суд мустақиллиги учун жуда катта туртки бўлади;
  • одил судловни амалга оширишда халқ маслаҳатчилари ўрнига ҳакамлар ҳайъати институтини жорий қилиш;
  • илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, соҳавий назорат органлари (инспекциялар) фаолиятини кучайтириш, уларга вазирликларнинг субъектив таъсирини камайтириш, шунингдек, соҳавий бирлаштириш ҳамда техник хавфсизлик, озиқ овқат хавфсизлиги соҳасида назорат инспекцияларини ташкил этиш зарур;
  • коррупцияга қарши курашишни кучайтириш, шу жумладан, давлат бошқарувини ҳалол кадрлар билан таъминлаш, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунни такомиллаштириш;
  • давлат органлари томонидан янги таҳрирдаги Конституцияни бевосита қўллаган ҳолда қарорлар қабул қилиш, фуқароларнинг Конституция нормаларидан тўғридан-тўғри фойдаланиши учун шароит яратиш;
  • инсон шаъни ва қадр-қимматига қарши содир этилган ҳуқуқбузарлик учун фуқаролик қонунчилигига етказилган зарарни қоплашга доир махсус нормаларни киритиш;
  • фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини амалга оширилишида жамоатчилик назоратини ва меҳнат инспекциясининг ролини ошириш;
  • камситишларга қарши қонунчиликда белгиланган меъёр ва қоидаларнинг амалда, айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига нисбатан тўлиқ ва сўзсиз бажарилишини таъминлаш;
  • кам даромадли фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда адвокатура ва юридик хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш, уларга ҳуқуқий ёрдам ва хизмат кўрсатиш бўйича ижтимоий мақбул бўлган тизим яратиш, бепул маслаҳат берадиган юридик клиникалар тармоғини ривожлантириш;
  • хотин-қизларни ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича амалий чораларни кучайтириш, васийлик ва ҳомийлик органларининг жавобгарлигини ошириш;
  • сўнгги йилларда тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш йўлакларида инсонлар, энг ачинарлиси, болалар ўлими билан боғлиқ салбий ҳолатлар кўпайиб бормоқда, шу муносабат билан, барча тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш йўлакларини хатловдан ўтказиб, светофорлар билан жиҳозлаш бўйича дастур қабул қилиш лозим.

9. Очиқлик ва миллий манфаатлар устуворлиги — конструктив ташқи сиёсат пойдевори

Партия Ўзбекистоннинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш, бошқа мамлакатлар билан ўзаро манфаатдорлик ва тенг ҳуқуқлилик асосида ҳамкорлик ва шерикчиликни фаол ривожлантириш, яхши қўшничилик, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш тамойиллари асосида, аввало, Марказий Осиё, МДҲ мамлакатлари билан муносабатларни ривожлантиришга йўналтирилган ташаббускор ташқи сиёсат юритиш тарафдори.

Ушбу йўналишда қуйидагиларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш зарур, деб ҳисоблайди:

  • Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳужжатларга қўшилиши борасидаги ишларни изчил давом эттириш. Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни кучайтириш, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқотларни мунтазам равишда ўтказиш;
  • минтақавий барқарор ижтимоий ривожланиш, муқобил энергетика ва замонавий тиббиёт соҳаларида инновацион дастурлар ҳамда лойиҳаларни халқаро ҳамкорлар билан биргаликда амалга ошириш;
  • Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, шунингдек, Агентликнинг масъулиятини ошириш.

Партия ташқи сиёсат вазифаларини самарали амалга ошириш мақсадида қуйидаги ижтимоий-сиёсий механизмларни таклиф этади:

  • парламентлараро алоқа институтларини ривожлантириш, гуманитар, маданият, санъат, илм-фан, спорт ва туризм, нодавлат ташкилотлар ҳамда партиялараро алоқалар соҳаларида «халқ дипломатияси» усулларини қўллаш;
  • мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, инвестициявий жозибадорликни кенг тарғиб қилиш мақсадида халқаро ахборот ресурсларидан фаол фойдаланиш.