Британия собиқ бош вазири Борис Жонсон пандемия давридаги зиёфат бўйича ўтказилган парламент тергови натижалари билан танишиб, депутатликдан истеъфога чиқишга қарор қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Текширувчилар Жонсон парламентга зиёфатдаги ҳолатлар бўйича ёлғон маълумот берган деган хулосага келган. Собиқ бош вазир эса ўз баёнотида терговнинг холис эканига ишонмаслигини таъкидлаган.

Маълумот ўрнида, Борис Жонсон 2019−2022 йилларда Буюк Британия бош вазири бўлган. 2020 йил июнь ойида Жонсон ва унинг рафиқаси Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг туғилган кунида зиёфат уюштиргани учун Лондон полицияси томонидан жаримага тортилганди.

Кейинчалик Британия Консерватив партияси депутатлари Жонсонни карантин пайтида базмлар уюштирганликда айблаб, бош вазирга ишончсизлик вотуми билдириш бўйича овоз берган. Натижаларга кўра, фракция аъзоларининг 58,5 фоизи бош вазирни қўллаб-қувватлаган ва у лавозимини сақлаб қолган.

Кейинчалик Борис Жонсон жинсий зўравонликда айбланган депутат Крис Пинчерни ҳукумат лавозимига тайинлади. Жонсон Крис Пинчерга нисбатан қўйилаётган айбловлардан хабардор эди, лекин барибир тайинловни амалга оширди ва бу собиқ бош вазирга нисбатан норозиликни янада кучайтириб юборди. Бу воқеалардан кейин Жонсон истеъфога чиққан.