Silk Avia авиакомпаниясининг «Тошкент — Самарқанд» рейси йўловчиси бортда сигарет чеккани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳодиса 12 июнь куни содир бўлган. 70 ёшли аёл самолёт ҳожатхонасида сигарет чекишни бошлаган. Тамаки маҳсулотлари ҳидини сезган борт кузатувчилари йўловчига самолёт бортида чекиш қатъиян тақиқланганлигини тушунтиришга ҳаракат қилишган. Бунга жавобан аёл ўз норозилигини билдирган.

Борт кузатувчилари вазият ҳақида самолёт командирига хабар беришган ва командир Самарқандга етиб келгач, ҳуқуқ-тартибот ходимларини чақиришга қарор қилган. Самолёт бортида тамаки маҳсулотларини истемол қилгани учун йўловчига нисбатан ҳуқуқ тартибот органи ходимлари томонидан БҲМнинг 2 баробари миқдорида жаримани назарда тутувчи маъмурий баённома тузилган.

Бошқа давлатлар қатори Ўзбекистон авиакомпаниялари самолётлари бортида ҳам чекиш қатъиян ман этилади. Бу Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 122-моддаси 2-қисми билан тартибга солинади.

«Бундан ташқари, бортда чекиш нафақат бошқа йўловчилар учун ёқимсиз, балки жуда хавфли эканлигини ҳам тушуниш лозим. Бу самолётда ҳавфли тутун чиқиши ва ёнғинга олиб келиши ҳамда авиаҳалокатга олиб келиши мумкин», — дейилади хабарда.