Тошкент шаҳри Чилонзор туманида 21 ёшли йигитнинг ўлими билан боғлиқ ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 208-моддаси (Ҳокимият ҳаракатсизлиги) билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби хабар берди.

Воқеалар ривожи

29 май куни Чилонзор тумани ИИБ биносида 21 ёшли йигит терговдан қочиш мақсадида 4-қаватдаги ҳожатхонадан сакраб, шифохонада вафот этгани, марҳумнинг яқинлари эса унинг ўлими сабабига шубҳа билдираётгани хабар қилинганди.

Унга кўра, 22 май куни йигит чўнтагида гашиш гиёҳвандлик воситасини сақлаб келгани аниқланиб, Чилонзор тумани ИИО гиёҳвандликка қарши курашиш бўлимига олиб келинган. Бинонинг 4-қаватига суриштирув ҳаракатларини ўтказиш учун олиб чиқилган Х.Т. жавобгарликдан қочиш мақсадида шу қаватда жойлашган ҳожатхонага кирган.

«Тезкор ходимнинг чалғиши натижасида ҳожатхона деразасидан пастда жойлашган ошхонанинг шифер билан қопланган том қисмига сакраган. Шифернинг чети синиши оқибатида Х.Т. бош қисми билан ернинг бетон қопламасига қулаб тушган», — дейилади хабарда.

Жароҳатланган фуқаро ички ишлар органлари ходимлари томонидан шифохонага олиб борилган. Х.Т.га кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, у олган тан жароҳатлари оқибатида, 29 май куни шифохонада вафот этган.

Марҳумнинг яқинлари ИИБ изоҳига шубҳа билдирган. Хусусан, Kun.uz сайтига мурожаат қилганлардан бирининг айтишича, йигитнинг оилавий шароити яхши бўлмаган ва у бир неча йил давомида уйдан узоқда — Тошкентда яшаб, яқинлари билан деярли алоқа қилмаган. Шу сабабли қўлга олинганидан кейин олдига келадиганлар ҳам топилмаган. Чилонзор тумани ИИБ терговчиси 29 май куни йигитнинг яқинларига телефон қилиб, унинг вафот этганини айтган.

Бош прокуратуранинг қайд этишича, Чилонзор тумани прокурори бошчилигидаги гуруҳ томонидан шу куннинг ўзида ҳодиса содир бўлган бино ва атроф-муҳит жойига чиққан ҳолда кўздан кечирилган, тегишли гувоҳлар ва ишга алоқадор барча ходимларнинг кўрсатмалари олинган.