Ўзбекистон Адлия вазирлиги «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжат лойиҳаси муҳокамалари 22 июнга қадар давом этади.

Лойиҳа тушунтириш хатида қайд этилишича, Адлия вазирлиги томонидан йўл белгиларининг жойлашуви, ўрнатилиши, ўзгартирилиши, олиб ташланиши жараёнлари билан боғлиқ муносабатлар миллий қонунчилик ҳамда хорижий давлатлар тажрибаси асосида таҳлил қилинган.

Ўрганишлар натижасида йўл белгиларни ўрнатиш, ўзгартириш ёки олиб ташлашнинг ҳуқуқий асослари ва механизмлари аниқ белгиланмагани аниқланган. «Шу жумладан, жойларда турлича ҳуқуқни қўллаш амалиёти шаклланган бўлиб, йўл белгиларини тегишли асосларсиз ўрнатиш ҳолатлари мавжуд. Мисол учун, 2022 йил давомида туман ва шаҳар ҳокимларининг йўл белгиларини ўрнатиш тўғрисидаги 5 та қарори бекор қилинган», — дея маълум қилди Адлия вазирлиги.

Бундан ташқари, йўл белгилари етишмаслиги ҳамда ўз вақтида ўрнатилмаслиги оқибатида қатор автоҳалокатлар келиб чиқишига сабаб бўлган. Масалан, ўтган йил давомида 9 902 та автоҳалокат содир этилган бўлиб, уларнинг 10,3 фоизи пиёдалар ўтиш жойининг ташкил этилмаганлиги, 2,2 фоиз ҳолатда эса светофор ёки йўл белгиси ўрнатилмаганлиги оқибатида келиб чиққан.

«Шу билан бирга, мавжуд йўл белгиларининг аксарияти халқаро стандарт талабларига жавоб бермайди, шунингдек, йўлларда 200 мингта йўл белгиси етишмайди», — дейилади хабарда.

Адлия вазирлиги, шунингдек, тақиқловчи йўл белгилари йўл ҳаракати қатнашчиларини олдиндан хабардор қилмасдан ўрнатилишини қайд этиб ўтди.

Бундан ташқари, йўл белгилари ўрнатилишида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда таъсирчан жамоатчилик назоратини олиб бориш учун етарлича шарт-шароит яратилмаган. Хусусан, йўл белгиларининг реестрини юритиш ва дислокациясини эълон қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилмаган.

Хорижий давлатлар тажрибасига мурожаат қилар экан, Адлия вазирлиги йўл белгиларининг реестри шакллантириб борилиши ҳамда уларнинг дислокацияси очиқ эълон қилиниши таъминланишини таъкидлаб ўтди. Бунда йўл белгиси тегишли реестр ва дислокациясига киритилмаган бўлса, у ноқонуний ўрнатилган ҳисобланади ҳамда ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди.

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида тақиқловчи йўл белгилари фақат Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимининг қарори асосида ўрнатилиши таклиф қилинмоқда.

Лойиҳага кўра, тақиқловчи йўл белгилари ўрнатилишидан камида 20 кун олдин бундай қарор қилиш сабаблари ҳақида жамоатчилик маҳаллий ижро ҳокимияти органининг тегишли расмий интернет саҳифалари ва оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилинади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ўрнатилган йўл белгиларининг электрон реестрини шакллантиради ҳамда уларнинг жойлашган жойи бўйича харитаси эълон қилинишини таъминлайди.

Йўл белгиларининг электрон реестрига киритилмаган тақиқловчи йўл белгилари ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди.Тушунтириш хатида қайд этилишича, бундай тартиб Норвегия, Россия, Қозоғистон, Беларусь ва бошқа мамлакатларда амалга татбиқ этилган.

Шунингдек, лойиҳа билан қонунчиликка йўлларни лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилишга, таъмирлаш ва сақлашда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари инобатга олиб борилишини таъминлаш нормаси киритилмоқда.

Жаҳон банки маълумотларига таъниб маълум қилинишича, биргина Тошкентдаги бинолар ва ижтимоий инфратузилма объектларининг 85 фоизи ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун мослаштирилмаган.