Қозоғистон, Арманистон ва Гонконг банклари Россиядан серверлар, микросхемалар, процессорлар, телекоммуникация ускуналари ва бошқа электроникалар учун тўловларни блоклашни бошлади. Бу ҳақда «Коммерсанть» ўзининг электроника бозоридаги манбаларига таяниб хабар берди.

Сўнгги икки ҳафта ичида Қозоғистон, Арманистон ва Гонконг банклари Россия юридик шахсларининг ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасининг 8542 коди бўйича тўловларни блоклаш ҳолатларига кўпроқ дуч кела бошлаган. Бу товарлар гуруҳи процессорлар, микросхемалар ва бошқаларни ўз ичига олади.

Нашр билан суҳбатлашганлардан бири бу Россия билан ҳамкорлик қилувчи банкларга хавф туғдирадиган АҚШ санкцияларининг ўнинчи пакети жорий этилиши билан боғлиқ эканини айтган.

Бунинг натижасида рус компаниялари компьютерлар, серверлар, маълумотларни сақлаш тизимлари ва бошқа ускуналарни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган компонентларни муқобил кодлар билан импорт қилишга мажбур бўлмоқда. Оптималог логистика компанияси бош директори Георгий Властопулонинг таъкидлашича, Қозоғистон банклари ҳам санкция остидаги маҳсулотлар, жумладан, электроника бўйича транзакциялар устидан назоратни кучайтирган.

«Тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчи мамлакатдан бутловчи қисмлар, эҳтиёт қисмлар, компьютерлар ва ҳоказоларни сотиб олиш мумкин эмас, учинчи давлатлар орқали сотиб олиш эса борган сари қийинлашиб бормоқда. Шунинг учун олти ой ёки бир йил ичида биз санкция остидаги маҳсулотлар танқислигига дуч келишимиз мумкин», — деган у.

Аввалроқ «Коммеранть» Қозоғистон ҳукумати Россияга электроника етказиб бериш устидан назоратни кучайтиргани сабаб дистрибюторлар импорт мамлакатларини Хитой, Қирғизистон ва Бирлашган Араб Амирликларига ўзгартира бошлаганини хабар қилганди. Логистика компаниялари бунинг оқибатида якуний маҳсулот таннархи 10−12 фоизга ошишини қайд этган. Қозоғистонда назоратнинг кучайиши, шунингдек, Россиянинг Ўзбекистондан маиший техника импорт қилишини ҳам қийинлаштириши айтилган.

Қозоғистон Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, унинг Россияга экспорти 2022 йилда ундан олдинги йилга нисбатан 25 фоизга ошган. Хусусан, Қозоғистондан 2021 йилда кир ювиш машиналари экспорт қилинмаган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич қарийб 100 мингтага етган. Financial Times март ойида Қозоғистон Россияга реэкспорт қилинувчи товарлар устидан назоратни кучайтириши хақида хабар берганди.