Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси эҳтимолий давлат тўнтаришига уринишда гумон қилинган 30 дан ортиқ шахсни қўлга олди, деб хабар берди 24.kg қўмита матбуот марказига таяниб.

6 июнь кунги хабарда айтилишича, ҳибсга олинганлар «кейинчалик ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олиш» учун «оммавий тартибсизликлар ҳаракатлари»ни режалаштирган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, давлат тўнтаришини режалаштирган гуруҳ таркибида умумий ҳисобда 100 га яқин одам бўлган.

«[Муваффақиятсиз тўнтаришининг] ташкилотчиси ва ғоявий илҳомлантирувчиси жамоатчилик фаоли ва „Элдик Кенеш“ сиёсий партияси раиси Н.Р.С.дир», — дейилади хабарда.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тарқатган ҳибсга олинганларнинг суратларида Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг собиқ тарафдори, «Элдик Кенеш» партияси раиси Роза Нурматовани кўриш мумкин.

Нурматова ва бошқа ҳибсга олинганлар, қўмита маълумотларига кўра, айбига иқрор бўлган ва ҳозирда вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида қолмоқда.

Қўмита давлат тўнтаришининг сабаблари ҳақида ҳеч нарса маълум қилгани йўқ. Қўмита фақатгина «яқин келажакда ташкилий масалаларни молиялаштириш ва асосий мансабдор шахсларга маош тўлаш учун хорижий манбалардан пул олиш кутилгани»ни таъкидлади.