275 йил аввал Америкага кўчиб борган олмонларнинг авлоди ҳисобланган Довуд Ҳунзикр (David Hunsicker) 35 йилдан бери мусулмон, бундан 20 йиллар аввал эса ўзбек тилини ўрганган, маълум муддат АҚШда ўзбек тилидан дарс ҳам берган. Айни вақтда USAID (Вашингтон) ташкилотида низоларни ҳал қилиш ва тинчликни мустаҳкамлаш (peacebuilding) бўйича катта маслаҳатчи ҳисобланади.

Довуд Ҳунзикр яқинда Тошкентга келганида «Газета.uz» фурсатдан фойдаланиб ундан интервью олди. У суҳбат давомида ўзбек тилига қандай қилиб қизиқиб қолгани ва америкаликлар бу тилни нега ўрганишлари, қандай қилиб мусулмон бўлгани, Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар сўнгги 24 йил ичида қанчалик ўзгаргани, ҳозирги фаолияти — peacebuilding нима экани ва Ўзбекистонда бу соҳа мутахассисларига қанчалик эҳтиёж борлиги ҳақида сўзлаб берди.

Ўзбек тилини ўрганиши ҳақида

Мен нега ўзбек тилини ўрганганман? Бу жуда табиий савол. Ўзбек тилини ўрганувчи чет элликлар кам ва бунинг маълум сабаблари бор. Энг асосийси, Ғарб давлатларида Ўзбекистон ҳақида тўла тасаввур йўқ. Бу ҳол аста-секин ўзгаряпти, Ўзбекистон жаҳон миқёсига чиққанидан кейин, албатта, яхши таассуротлар қолдиряпти, сайёҳлар келяпти.

Лицейда ўқиб юрган вақтларим ўқувчилар алмашинув дастурига мурожаат қилганман. Келиб чиқишим немис, ота-боболарим 275 йил олдин Америкага кўчиб келган. Шу боис Германияга бориб, немис тилини яхшироқ ўрганиш истагида эдим. Лекин 1986 йили ўқувчилар алмашинув дастури бўйича мени Германияга эмас, Туркияга жўнатишди. Бошида бироз ҳайрон бўлдим — чунки мен Германияга бориб, ота тилимни ўрганмоқчи эдим. Лекин, кейин ўйлаб қарасам, Туркияга бориш бир америкалик учун бошқача бир тажриба бўларкан, имкониятлар ҳам кенгроқ кўринди.

Туркияда лицейида ўқиб, турк тилини ўргандим. Лицейни тамомлагач, АҚШда университетга кириб, исломшунослик бўйича ўқидим. Айни вақтда турк тилини ўрганишни ҳам давом эттирдим. Университетдаги таҳсилнинг охирги йили Измирдаги Эге университетидан бир профессор меҳмон бўлиб келди. У Кавказ ва Ўрта Осиёдаги туркий тиллар бўйича мутахассис эди. У киши билан учрашиб, унинг ихтисослиги билан танишиб, Ўрта Осиё ва Кавказ давлатларига қизиқа бошладим. Бошида мен унга инглиз тилидан дарс беришга ҳаракат қилдим, у эса менга озарбайжончани ўргатарди. Охири шундай бўлдики, дарслар бир четда қолиб, биз у билан унинг Ўрта Осиё мамлакатларига қилган сафарлари ҳақида суҳбатлашадиган бўлдик.

Шу тариқа мен ҳам бу мавзуга қизиқиб қолдим. Ўшанда 1993 йил эди. Магистратурада ўзбек тили бўйича ўқишга қарор қилдим. Чунки ислом дунёсидаги энг йирик адабий тиллар ҳисобланган усмонли туркчаси, форсча, арабча бўйича илмий ишлар кўп, аммо чиғатойча — эски ўзбек тили бўйича Америкада илмий ишлар жуда кам эди. Шунинг учун бу йўналишда имконият кўп, янги илмий йўналиш бўлади, деб ўзбекчани ўрганишга қарор қилгандим. Ўзбек тилини ўрганишни бошлашимнинг қисқача тарихи шу.

Магистратура доирасида Ўзбекистонда илмий иш олиб бориш учун икки грант дастурига мурожаат қилдим. Иккала грантни ҳам ютдим, бу эса менга икки йил Ўзбекистонда яшаш имконини берди. Кейин яна бир грант олдим, муддатини озгина узайтирдим. Бу орада бўлажак турмуш ўртоғим (ўзбекистонлик) билан танишдим, ўша вақтда Ўзбекистонда қолишга қарор қилгандик. Шундай қилиб, бир неча йил Ўзбекистонда яшадим: элчихонада, USAID ташкилотида ишладим. Ҳамма яхши нарсанинг ниҳояси ҳам бўлади деганларидек, маълум вақтдан сўнг Америкага қайтишга тўғри келди.

Ўшанда ўзбек тилини танлаганимдан ҳеч қачон афсусланмаганман. Ўзбек тили — жуда бой тил. Ўзбек халқи жуда ҳам бағрикенг, меҳмондўст. Мана шу меҳмондўстликдан баҳраманд бўлиш, бой тарих, маданиятни ўрганиш имконияти борлиги мен учун жуда катта ютуқ.

Ўзбек тилини ўрганувчи америкаликлар ҳақида

Тан олиш керак, ўзбек тилини ўрганувчилар бошқа тилларни ўрганувчиларга нисбатан камроқ. Масалан, испан тилини миллионлаб кишилар ўрганса, ўзбек тили ҳақида бундай деб бўлмайди. Ўзбек тилини ўрганувчилар ҳам шунчаки тил ўрганиш мақсадида эмас, балки маълум сабаб ва мақсадлардан келиб чиқиб ўрганади. Ўзбек тилини асосан сиёсатчилар, тарихчилар, шу каби мутахассислар ўрганишга ҳаракат қилади, чунки бу бевосита уларнинг илмий ишлари билан боғлиқ бўлади.

Мендан тил ўрганганлар (шогирдлар)им орасида Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романини таржима қилган Марк Риз бор.

Мусулмон бўлиши ҳақида

35 йилдан бери мусулмонман. Бунинг узун тарихи бор, имкон қадар қисқа қилиб айтишга ҳаракат қиламан.

Мактабда ўқиб юрган вақтим динларга жуда ҳам қизиққанман ва ҳар хил динлар ҳақида кўп ўқирдим. Буддизм, ҳиндуизм, яҳудийлик тўғрисида ўқидим. Ўзим христиан оиласида катта бўлганман, черковга бориб турардик, у ердаги диний дарсларда ҳам иштирок этардим. Кўп нарсаларни ўрганардиму — ҳаммада ҳам шундай бўлса керак — бирор нарсани ўрганганингиз сари, бошқа саволлар ҳам туғилаверади, менда ҳам шундай бўлди.

Масалан, Библияни ўқиганимда баъзи саволлар пайдо бўларди, шу саволларга жавобларни бошқа манбалардан ҳам излардим. Айтиб ўтганимдек, жавобларни буддизмдан ва бошқа динлардан излаб кўрдим. Бошида Ислом тўғрисида ўқирканман, масалан, «ароқ ичиш мумкин эмас», «чўчқа гўштини ейиш мумкин эмас» деган талаблар билан танишгач, «бу жуда ҳам қийин дин экан, менга тўғри келмаса керак», деб ўйлаганман.

Лекин саволларим жавобсиз қолаётган эди. Қуръоннинг инглиз тилидаги таржимасини ўқий бошлаганимдан кейин саволларимга тўғридан тўғри, кўнглимни тўлдирадиган жавоблар ола бошлаганман. Шу боис ўзимни мусулмон бўлишга мажбур деб билдим. Туркиядаги ўқиш давомида Ислом тўғрисида кўпроқ ўрганиш имкони пайдо бўлди.

Довуд Ҳунзикр Умра зиёратида. Шахсий архивданДовуд Ҳунзикр Умра зиёратида. Шахсий архивдан

Оилам, ота-онам, қариндошларим бу қароримни қандай қабул қилган? Бошида улар: «Кеча буддист эди, бугун мусулмон, эртага нима бўлишини ҳали кўрамиз», деб ўйлашгандир. Аммо Исломни маҳкам ушлаганимни кўргач, қароримни тўғри ва яхши қабул қилишди. Кўришдики, ахлоқим яхши, тенгдошларимникидан фарқ қилади, ёмон ишлар қилмаяпман. Ҳар бир ота-она фарзанди яхши одам бўлишини хоҳлайди-ку, улар ҳам менда шуни кўргач, албатта, хурсанд бўлишди ва мени қўллаб-қувватлашди. Масалан, исломшунослик йўналишида таълим олишимга улар пул берган, «буни ўрганма!», деб қарши чиқишгани йўқ.

Бувимларнинг уйларига овқатлангани борсам, менга, албатта, ҳалол бўлган ёки яҳудийларнинг динига тўғри келадиган («кошер»), яъни чўчқа гўшти бўлмаган егуликлар беришади. Оилавий йиғинларда «кошер» белгиси бор нарсаларга бошқаларнинг қўлини теккизмайди: «Аввал Дэвид ўшандан есин, кейин бошқалар еб кўриши мумкин», дейишади.

Бир сафар амакиваччамнинг тўйига бордим. Намоз вақти бўлиб қолди. Мен даврадан аста чиқиб, намозимни ўқиб, сўнг қайтиб келдим. Бувим: «Қаерга кетиб қолдинг?», деб сўради. «Мусулмон киши беш маҳал намоз ўқиши керак, намоз вақти бўлиб қолганди, бир чеккада намозимни ўқиб, қайтиб келдим», — дедим. Бувим: «Қандай яхши!», деб қолди. Яъни, намоз ўқиганимдан менинг христиан бувим жуда хурсанд бўлиб кетди, «неварам Худога ибодат қиляпти» деб жуда қувонди.

Америкада мусулмонларга муносабат ҳақида

Америкада мусулмонларга ҳам, бошқа дин вакилларига ҳам анча эркинлик, ҳамма шароит бор. Бу дегани муаммолар йўқ, дегани эмас — муаммолар ҳам бор. Жоҳил одамлар ҳам учраб туради, афсуски, ундайлар ҳамма жойда ҳам бор, бундан қочиб қутилиб бўлмайди. Инсон зоти шундайки, тушунмаган нарсасидан қўрқади ва қўрққани учун ўша тушунмаган нарсасига ёмон кўз билан қарайди.

Америкада мусулмонларни ёмон кўрадиган одамлар биз билан учрашса, фикри 100 фоиз ўзгаради. Кўрадики, биз ҳам унга ўхшаган инсон. Шундай учрашувлардан сўнг улардаги нафрат, ёвқараш йўқ бўлиб кетади. Шубҳасиз, исломофобия бор ва бундан фойдаланиб, ўзининг ёмон ниятларини рўёбга чиқаришга интилувчилар ҳам бор. Лекин аҳолининг 99 фоизи мусулмонларни илиқ қабул қилади.

Америкада хоҳлаган динингизга эътиқод қилишингиз мумкин, бунда ҳеч ким халал бермайди. Диний мактаб очасизми, масжидми, черковми, бошқами — ҳаммасига имконият бор. Албатта, белгиланган қоидалар ҳам бор, ибодатгоҳни дуч келган жойда қуролмайсиз. Лекин Америка Конституциясида биринчи кафолатланган ҳуқуқ — эътиқод эркинлиги. Америкаликлар бу масалани жуда жиддий олади. Давлат томонидан ҳам, халқ томонидан ҳам бунинг кафолатланиши биз, америкаликлар учун жуда муҳим.

Ўзбекистон қанчалик ўзгаргани ҳақида

Биринчи марта 24 йил аввал Ўзбекистонга келган одам учун ўзгаришлар яққол кўзга ташланади — ўзгаришлар жуда катта ва, умуман олганда, яхши томонга, ижобий. Бу ўзгаришларни биринчи кўрганимда жуда хурсанд бўлгандим. Иқтисодий ривожланиш, ижтимоий ўсиш, матбуот соҳасидаги эркинлик, эркин фикрлаш, эркин ибодат қилиш имкониятлари яратилганини кўриб одам, албатта, қувонади.

Бу дегани, айни вақтда, камчиликлар йўқ дегани ҳам эмас. Ҳар қандай жамиятда ҳам камчиликлар бўлади. Америка салкам 250 йил аввал мустақилликка эришган бўлса-да, ҳали камчиликларимиз кўп, уларни ўзимиз биламиз. Демократик давлатда ўша камчиликларни биргаликда ҳал қилса бўлади. Ўзбекистон ҳам аста-секин ўзида бор нуқсонларни тузатяпти. Албатта, АҚШ бу ишларда ҳамкор бўлишга тайёр ва ҳамкорлик қиляпти. Бу биз учун қувонарли ҳол.

Довуд Ҳунзикр 2022 йил май ойида Бухорода бўлиб ўтган «Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми иштирокчилари билан бирга. Шахсий архивданДовуд Ҳунзикр 2022 йил май ойида Бухорода бўлиб ўтган «Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми иштирокчилари билан бирга. Шахсий архивдан

Одамларнинг кайфиятида ҳам ўзгаришлар бор: уларда олдингидек тортиниш, хавотир ҳисси йўқ, мулоқотлар эркин. Авваллари баъзан «ҳозир шу чет эллик билан гаплашсам, бирор ёмон иш чиқмасмикин, биров келиб дакки бермасмикин» деган қўрқув сезиларди — совет давридан қолган бир менталитет-да бу ҳам. Совет даврида ҳамма чет элликлар ёмон, коммунистик мамлакатдан бўлмаса, улардан узоқроқ бўлиш керак, фикр бўлган-ку. Ҳозир эса кайфият, албатта, сезиларли ўзгарган.

Ўзбекларнинг миллий характери шундайки, улар — меҳмондўст, меҳмон билан мулоқотда бўлишни хоҳлайди, у билан гаплашгиси келади. Ўзбеклар жуда очиқ, самимий халқ; ҳозир ёшлар билан киришиб кетиш жуда ҳам осон, уларда аввалгидек қўрқув деярли йўқ деса ҳам бўлади, эркин фикрлаш кучли.

Эркинликнинг чегараси ҳақида

Эркинликнинг чегараси борми, бўлиши керакми? Шу саволга тўқнаш келганида, ҳар қандай жамият ҳам қийналади. Бу масала америкаликларни ҳам ўйлантиради. Агар бир кишининг эркинлиги бошқа бировга зарар етказаётган бўлса, бу эркинликнинг чегараси шу. Бир кишининг эркинлиги бошқаларга зарар етказмаслиги керак. Лекин бевосита, аниқ бир зарар етмайдиган бўлса, у ҳолда эркинлик устувор бўлиши керак. Яъни эркинлик, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари кафолатланиши керак.

Эркинлашиш жараёнида ўзгаришлар кўп бўлади ва бу жуда табиий. Ўзгаришлар давомида ноқулайликлар ҳам ҳис қилиниши мумкин, чунки бу ўзгариш-да. Масалан, менинг ҳар кунлик бир режам бор, аммо уни ўзгартириш керак бўлса, янги режага бирдан мослашиб кетолмайман. Ёки иш жойингизни ўзгартирсангиз — аввалги жойда иш ҳар куни соат 9 да бошланган бўлса-ю, янги жойда ҳар куни эрталаб соат 5 да ишда бўлишингиз керак бўлса, сиз учун ноқулайлик юзага келади, ўрганиб кетгунингизгача бироз қийналасиз, аммо охир-оқибат бу сизнинг янги иш тартибингизга айланиб қолади.

Давлатларнинг демократлашуви жараёни ҳам шундай кечади ва натижаси ҳар доим яхши бўлади. Лекин тўхтаб қолинса, унда ёмон бўлиши мумкин. Янги режага мослашув бошлагач, эркинликларга ўрганилганидан сўнг бу умид йўқ қилинса, олиб ташланса, одамлар, албатта, хафа бўлади, «бу менинг ҳуқуқим эди-ку», деб. Шунинг учун ҳамма нарса қонун устуворлигига, жамиятда барчанинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояланиши, кафолатланишига тақалади.

Масалан, Ўзбекистонда диндорлар кўпаяётганини кўряпмиз. Қандай чиройли масжидлар очиляпти. Черковларга ҳам, бошқа дин вакилларига ҳам эркинлик бор. Ўзбекистон бундан, албатта, фахрланиши керак: халққа шундай эркинликлар бўляпти. Лекин бундан хавотирга тушаётганлар ҳам йўқ эмас, чунки бу ҳам ўзгариш. Ўзгаришларга мослашиш инсон учун қийин нарса. Янги нарсаларга ўрганишга вақт ва ўзаро ҳурмат зарур.

Дейлик, авваллари шу эркинликлар бўлмаган — масалан, кимдир ибодат вақти ибодатини қилолмагандир, айрим одамлар шу сабабли қийналгандир. Бунда диндор бўлмаган одамларнинг олдинги вазиятни ҳам тушуниб олиши керак: авваллари бу (диндор) кишининг эркинликлари чекланган, ҳозир эса чекланмаяпти, у шу эркинликларидан фойдаланмоқчи. Айни вақтда, Конституцияда эътиқод қилиш ёки эътиқод қилмаслик ҳуқуқи кафолатлаб қўйилган, ҳар иккала томонга ҳақ-ҳуқуқ берилган.

Ўзаро ҳурмат бўлса, ҳар икки томон бир-бири билан қўрқувлар ҳақида очиқ гаплаша олса, унда тинчлик сақланиши мумкин. Тинчликни сақлаш фақат давлатнинг зиммасидаги вазифа эмас, чегара фақат у томонидан қўйилиши керак эмас. Бундай чегарани халқ, жамиятнинг ўзи белгилаши ҳам мумкин. Энг асосий чегара ўзаро ҳурмат билан бошланади. Яъни, мен сизни ҳурмат қиламан ва сизнинг гапингизни эшитаман, сиз ҳам мени ҳурмат қилиб, менинг гапимни эшитасиз. Демократик давлатларда шундай бўлади ва тинчлик шу йўл билан сақланади.

Писбилдинг (peacebuilding) ҳақида

Писбилдинг ўзи инглиз тилида ҳам ғалатироқ сўз, Америкада ҳам кўпчилик билмайди буни. Бу тан олинган бир соҳа, фан ҳисобланади — маълум университетларда писбилдинг йўналиши бўйича ўқиш ҳам мумкин. Унинг энг асосий мазмуни — гуруҳлар ичидаги омилларни ҳисобга олган ҳолда, зўравонликнинг олдини олиш, «тинчликни мустаҳкамлаштириш» деб таржима қилса ҳам бўлади.

Ҳар бир жамиятнинг ичида зиддиятлар бўлади. Бир киши бошқа одамни, бир гуруҳ наригисини тушунмайди, балки битта гуруҳ бошқа гуруҳнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилаётгандир. Шу йўсинда тушунмовчилик, келишмовчилик, зиддиятлар пайдо бўлади. Инсониятда азалдан бор нарса бу. Биз шу зиддият ва тушунмовчиликларнинг зўравонлик, уруш даражасига чиқиши олдини олишга ҳаракат қиламиз.

Бунинг ҳар йил томонлари бор. USAID ва унга ўхшаш донор ташкилотлари у ёки бу лойиҳани бошлашдан аввал вазиятни обдон ўрганади — шу ишни қилсак, натижаси яхши бўладими, натижа яхши бўлишига халал берадиган қандай жиҳатлаор бор, биз кутмаган, кўрмаган, режада кўзда тутмаган зарарли томонлари ҳам мавжудми? Халққа зарар етказилмаслиги учун ҳаммасини текширамиз, олдини оламиз. Чунки биз яхши ният билан бошлаётган иш зарар етказадиган бўлса, тушунмовчилик зўравонлик даражасига кўтарилиши мумкин. Биз шундай ҳолатларнинг олдини олишга ҳаракат қиламиз.

Шахсан ўзим Исроил ва Фаластин ўртасидаги зиддиятлар устида ишлайман. У ердаги асосий вазифамиз ҳар хил соҳалардаги икки гуруҳни бир нуқтада бирлаштиришдан иборат. Масалан, спорт воситасида фаластинлик ва исроилликларни бир жойга тўплаш мумкин. Ёки сув танқислиги муаммоси ҳар икки томонга зарар етказаётган бўлса, эҳтимол, биргаликда ўша масалани ҳал қилиш устида ишлармиз. Яъни уларни бирлаштириши мумкин бўлган жиҳатларни топамиз ва бу муаммолар устида улар биргаликда ишлашлари, уни биргаликда ҳал қилишлари учун имкониятлар яратиб беришга ҳаракат қиламиз.

Довуд Ҳунзикр Қуддусдаги Қоя гумбазида. Шахсий архивдан
Довуд Ҳунзикр Қуддусдаги Қоя гумбазида. Шахсий архивдан

Шуни айтиб ўтиш керакки, биз бу саъй-ҳаракатларимиз билан Исроил ва Фаластин ўртасидаги урушни тўхтата олмаймиз. Бу сиёсатчиларнинг иши. Ҳар икки томон дипломатлари ўртасида шартномалар тузилиб, Худо хоҳласа, тинчликка эришилади. Лекин ўша шартнома имзоланганида халқ уни қўллаб-қувватламаса, бу келишув узоққа бормайди. Шунинг учун биз ўз вазифамизни халқни келажакдаги тинчликка тайёрлашда, деб кўрамиз.

Ҳозирда саъй-ҳаракатларимиз натижасида бир-бирини ҳеч танимаган одамлар яхши дўст бўлиб кетганини кўряпмиз. Масалан, уруш чиққанида улар бир-биридан ҳол-аҳвол сўраётганига гувоҳмиз, чунки улар бир-бирига яқин, энди улар бегона эмас. Уруш чиқса, ракета учса, бомба портласа, хоҳ фаластинлик бўлсин, хоҳ исроиллик — қарама-қарши тарафдаги дўсти ҳақида ўйлайди, у соғ-саломатмикин, деб хавотирланади. Нафақат дўсти, балки унинг оиласи, ўртоқлари, маҳалладошлари ҳақида ҳам қайғура бошлайди, «улар ҳам дўстим каби яхши одамлардир», деб ўйлайди. Ҳа, аста-секин шундай бўлади.

Уруш чиққанида шу одамларда камида тинчликдан воз кечмаслик ўйи бўлса, улар шу фикр билан яшаса, «шу урушдан кейин мен барибир яна тинчлик учун курашаман», деб туриб олса, мана шу биз учун катта ютуқ.

Писбилдингга Ўзбекистондаги эҳтиёж ҳақида

Бундай мутахассисларга ҳар бир давлатда эҳтиёж бор. Америкада ҳам зиддиятлар кўп, бизнинг ҳам эҳтиёжимиз бор. Ўзбекистонда ҳам эҳтиёж бор, чунки, айтиб ўтганимдек, ўзгаришлар даврида қийинчиликлар бўлади, тушунмовчиликлар юзага келади. Бу тушунмовчиликлар нимадан келиб чиқяпти? Уларни қандай қилиб бироз бўлса-да ижобий томонга йўналтириш мумкин? Писбилдинг мутахассислари масалани мана шундай кўриб чиқади.

USAID’нинг асосий йўналишлари шу мақсадда олиб борилади — таълим соҳасида, соғлиқни сақлаш соҳасида, айнан демократия ва бошқарув соҳасидаги ишларимиз мавжуд барқарорликни мустаҳкамлаштиришга йўналтирилган. Ўзбекистоннинг келажаги учун тинчлик керак. Ўзбекистоннинг тинчлиги Америкага ҳам керак. Чунки, кўриб турибмизки, бирор жойда уруш чиқса, у бошқа давлатларга ҳам зарар етказади.

Шундай экан, ўзбек халқи ҳеч қандай зарар кўрмасин, Америка халқи ҳам, Европа халқи ҳам, Хитой халқи ҳам, ким бўлишидан қатъи назар, ҳеч ким зарар кўрмасин, деган мақсад билан шу ишларни олиб борамиз. Ҳамманинг келажаги фаровон бўлсин, тинч бўлсин, деган мақсад билан ишлаймиз.

Афғонистон ҳақида

Шунча саъй-ҳаракатларга қарамай АҚШ нега Афғонистонда муваффақиятсизликка учради? Яхши савол, лекин жуда мураккаб, унга қисқача жавоб бериш жуда мушкул. Америка Афғонистонда яхши ният билан ҳаракатга киришганига қарамай, кўплаб хатоларга йўл қўйган. Баъзида у ёки бу ҳаракатлар оқибатида келиб чиқадиган зарарларни олдиндан кўриб, билиб бўлмайди. Шу боис, қанчалик яхши ният билан қилинган бўлмасин, баъзи ишларнинг оқибати кутилганидек ижобий чиқмаган.

Афғонистондаги муваффақиятсизликнинг сабабларидан бири сифатида мамлакатда қонун устувор эмаслигини ҳам кўрсатиш мумкин. Коррупция жуда чуқур илдиз отган. Агар халқ давлат муассасаларига ишонмаса, давлат муассасаларидан адолат топа олмаса, охир-оқибат халқ бу давлатга қарши чиқиши мумкин. Шу сабабли ҳам ҳамма жойда биринчи галда қонун устуворлиги бўлиши керак.

Қонун устуворлиги бўлмаса, барча ҳаракатлар ҳавога учади. Бунга Афғонистонда гувоҳи бўлдик, уруш бўлаётган бошқа жойларда ҳам шуни кўриб турибмиз. Албатта, ҳамманинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояланиши, кафолатланиши керак, давлат муассасаларига ишонч бўлиши керак. Ишонч эса осон эришиладиган нарса эмас, унга лойиқ бўлиш керак. Ишончни қонун устуворлиги, ҳалоллик, поклик билан қозониш мумкин.

Қонун устуворлигига қандай эришилиши ҳақида

Бунинг бир неча босқичи бор. Биринчиси, халқнинг ўзи шуни хоҳлаши керак. Масалан, халқ пора олди-бердисини хоҳласа, «мана фалон жойга ишга кириб, пора олсам» деб турса, одамларнинг ўзи ҳалоллик, поклик билан иш тутмаса, қандай қилиб бошқадан талаб қилади? Биринчи галда, ўзимизни ислоҳ қилишимиз керак. Ўзимизни ислоҳ қилмасак, бошқалардан ҳам талаб қила олмаймиз.

Иккинчидан, нафақат ўзимиздан, балки бошқалардан ҳам талаб қилиш керак: «Сиз қонунга ҳилоф иш тутяпсиз, мен сизни судга бераман, устингиздан арз қиламан, ҳақимни талаб қиламан», деб. Учинчидан, демократик талабларга жавоб берадиган муассасалар бўлиши керак. Уларни ҳам талаб қилиб олиб, қонун билан кафолатлаб қўйиш керак.

Бу жараёнлар аста-секинлик билан Ўзбекистонда ҳам бўляпти. Янги Конституциядан умидимиз катта. Келажакда мазкур жараёнлар мамлакатни янада яхши томонларга олиб боришини истаймиз.

Шахсий архивданШахсий архивдан

Тўғри, булар бирданига бўладиган нарса эмас, бунга вақт керак. Сабрли, тоқатли бўлиш керак. Шунинг учун ҳам биз биринчи ўринда ўзимизни ислоҳ қилишимиз керак, деб айтдим. Мен бир масалани тўғри тушунмаган бўлсам-да, лекин баҳсга «мен барибир ютиб чиқаман» деган мақсад билан киришадиган бўлсам, нима ҳам ўзгаради? На қарама-қарши тарафдаги одамнинг фикри ўзгаради, на меники.

Ўртада шундай бир нуқтани топишимиз керакки, эркин фикр алмаша олайлик. Эҳтиросга берилмасдан, ўзаро ҳурмат асосида мулоқотга киришиладиган бўлса, аста-секин биз муҳокама қилаётган босқичга етиш мумкин. Шунингдек, парламент каби демократик баҳслашиш муассасалари бўлса, жамиятни ўйлантираётган масалалар юзасидан у ерда баҳслаша олсак, биргаликда яхши натижага эришиш мумкин.

Матбуотнинг, оммавий ахборот воситаларининг ҳам жуда катта роли бор. Интернетнинг ҳам муҳим роли бор. Масалан, ахборотни жанжал кўтарадиган манбалардан эмас, балки ишончли, мавзуларни чин юракдан ўрганиб, кўтарадиган манбалардан олиш керак. Ҳаммаси ўзимиздан бошланади.

Баҳслашиш масаласида Исломнинг катта уламоларидан Имом Шофеъий шундай деган экан: «Бирор киши билан баҳслашадиган бўлсам, мен ҳар доим ҳақиқат унинг тилидан чиқишини хоҳлардим». Яъни, менинг хоҳишим бўлиши муҳим эмас, муҳими ҳақиқат юзага чиқсин, деган маънода айтган эканлар. Ҳаммамиз шу — «мен ютмасам ҳам, ўртага ҳақиқат чиқса кифоя» деган ният, мақсад билан киришсак, менимча, шу йўл яхшиликка олиб боради.