Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига (Чорвоқ эркин туристик зонасига) график асосида қатновчи автобуслар ҳаракати йўлга қўйилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бундан вилоятга келувчи хорижий ва маҳаллий сайёҳларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсад қилинган.

Автобуслар «Машинасозлар метро бекати — Чорвоқ» йўналишида ҳар куни 3 та график асосида ҳаракатланади. Қатнов масофаси 75 км бўлган йўналишда йўловчилар белгиланган манзилга 1 соат 10 дақиқада етиб боради.
Автобуслар Машинасозлар метро бекатидан соат 7:00, 13:00 ва 18:00 да жўнайди. Чорвоқдан эса 6:00, 11:00 ва 16:00 ҳаракатланади.

Қатновлар Uzautotrans service корхонасининг Yutong автобусларида амалга оширилмоқда. Ушбу йўналишда йўлкира нархи 15 000 сўм этиб белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 10 апрелдан Қамчиқ ва Жиззах довонлари, Чимён ва Чорвоқда туристик автобус ҳамда микроавтобуслар қатновини йўлга қўйишга рухсат этилганди.