Apple 5 июнь куни 34-WWDC дастурчилар конференциясида ўзининг янги маҳсулотлари ва дастурий таъминотлари тақдимотини ўтказди. Янги қурилмалар орасида Macbook Air, Vision Pro виртуал реаллик шлеми, янги турдаги чиплар, Mac Studio компьютерлари ва iOS 17 операцион тизими бор.

Macbook Air

Янги Macbook Air 11,5 миллиметр қалинликда ишлаб чиқилган, дунёдаги энг яхши ва энг ингичка 15,3 дюмлик ноутбук сифатида таништирилди. Қурилманинг оғирлиги 1,5 килограмм. У қувватлантириш учун Magsafe charging порти, иккита оддий қувватлаш порти ва қулоқчин тирқичига эга. Янги ноутбук тўрт хил рангда ишлаб чиқарилади.

Қурилмага Luquid Retina display ўрнатилган ва у миллиардта рангни кўрсата олади. Ноутбук видеоқўнғироқлар учун юқори сифатда тасвирга олувчи камера билан жиҳозланган (1080p). Бундан ташқари унда 6 та овоз карнайини ичига олувчи овоз тизими бор.

apple, macbook

M2 чипида ишлайдиган бу қурилма Intel чиплари ўрнатилган энг тезкор Macbook`дан 12 баравар тезроқ ишлайди. Батарейка қуввати эса 18 соатга етади. Компания қайд этишича, дунёдаги энг яхши Macbook дейилишига сабаб янги қурилма 15 дюмли, Core i7 процессорда ишлайдиган энг кўп сотилган ноутбукдан кўра 2 баравар тезроқ ишлайди, дисплейи 25 фоиз ёруғроқ ва қуввати 1,5 баравар кўпроққа етади. Шунингдек, янги Macbook Air 40 фоиз ингичкароқ.

apple, macbook
Нархи 1299 доллар, ҳозироқ буюртма бериш мумкин, келаси ҳафтадан буюртмаларни етказиб бериш бошланади.

M2 чиплари

Тақдимотда M2 Max чипи ҳам тақдим этилди. У M1 Max чипидан 25 фоиз тезроқ. Бу орқали After Effects дастурида ишловчилар ўз лойиҳаларини M1 Max чипидагидан кўра 1,5 бараваргача тезроқ рендер қилишлари мумкин.

M2 Max чипида ишлаб чиқарилган Mac Studio ишчи станцияси Intel чипида ишлайдиган энг кучли iMac`лардан 4 баравар кучлироқ.

apple, macbook

Бундан ташқари, Apple ўз тақдимотида M2 сериясидаги янги чип — M2 Ultra`ни ва унда ишлайдиган Mac Studio ишчи станциясини ҳамда Mac Pro профессионал компьютерини ҳам тақдим этди. M2 Ultra шахсий компьютер учун ишлаб чиқарилган энг кучли чип экани таъкидланган. M2 Ultra чипида ишлаб чиқарилган Mac Studio ишчи станцияси Intel чипида ишлайдиган энг кучли iMac`лардан 6 баравар тезкорроқ.

apple, macbook

М2 Ultra процессорли такомиллаштирилган Mac Pro 24 ядроли ва 192 Гб тезкор хотирага эга бўлади. Mac Studio нархи 1999 dollardan, Mac Pro`ники эса 6999 доллардан бошланади.

apple, macbook

iOS 17

Операцион тизимнинг янгиланган версиясида кўп янги имкониятлар пайдо бўлган. Қўнғироқ иловасида энди контактлар кўринишини ўзгаритириш мумкин. Масалан, исм ёзилган шрифтни ўзгартириш ёки расм ўрнига эможи жойлаштириш мумкин.

Хабарлар иловасига ҳам янги функция қўшилган. У Check In деб номланади ва бу функция орқали билдиришномалар жўнатиш мумкин. Масалан, яқин инсонингиз учрашувдан кейин уйига кетган вақт шу функцияни ёқиб қўйса, у уйга келиши билан тизим автоматик равишда манзилни аниқлайди ва уйга қайтгани ҳақида сизга хабар юборади.

Яна бир янгилик Siri овозли ёрдамчиси билан боғлиқ. Энди уни ишга тушириш учун шунчаки «Siri» дейиш кифоя. Аввал овозли ёрдамчи «Салом, Siri» буйруғи билан ишга тушарди.

apple, macbook

Кутиш режимида ҳам экранни горизонтал ҳолатга ўтказиб, плейр, соат ва бошқа виджетлардан фойдаланиш мумкин бўлади. Бундан ташқари тизимга офлайн харита, жонли стикер каби функциялар ҳам қўшилган.

Тақдимотда компания Vision Pro виртуал реаллик шлемини ҳам тақдим этди. Бундай гаджетлар бозорида ҳозиргача етакчи компаниялар Meta, Sony ва Microsoft ҳисобланиб, эндиликда Apple улар билан рақобатлашади. Vision Pro қурилмасининг имкониятлари билан батафсил мана бу ҳавола орқали танишиш мумкин.