Apple 5 июнь куни 34-WWDC дастурчилар конференциясида ўзининг янги маҳсулоти — Vision Pro виртуал реаллик шлемини тақдим этди. Бундай гаджетлар бозорида ҳозиргача етакчи компаниялар Meta, Sony ва Microsoft ҳисобланиб, эндиликда Apple улар билан рақобатлашади.

Vision Pro`нинг олд қисми шишадан, унинг атрофидаги рамка эса алюминийдан тайёрланган. Виртуал реаллик шлемининг АҚШ учун нархи 3,5 минг доллар этиб белгиланган. Қурилмада расм ва видеога олиш учун тугмача ва виртуал муҳит ўлчамини бошқариш учун ғилдиракли тугмача мавжуд.

apple, vision pro

2 та 4K экран сифатидаги дисплей

Қурилмага microLED дисплейлари ўрнатилган бўлиб, улар жами 23 миллион пикселни акс эттира олади. Тақдимотда бу дисплей иккита 4K экрандан (17 миллион пикселли) кўпроқ пикселни кўрсата олиши қайд этилган. Қурилма Apple компаниясининг ўзи ишлаб чиқарадиган иккита чип — аввал Macbook`ларга ўрнатилган М2 ва янги қурилма учун махсус яратилган R1`да ишлайди. Чиплардан бири гаджет ишлаши учун, иккинчиси эса барча сенсорлар, 12 та камера ва 6 та микрофондан олинган маълумотларни қайта ишлаш учун керак.

2 соатлик қувват

Қурилманинг қуввати 2 соат ишлашга етади, узоқ вақт давомида ишлатиш учун уни тўғридан-тўғри розеткага улаш мумкин.

Хавфсизлик тизими

Хавфсизлик масаласи Face ID тизимига ўхшаш бўлган Optic ID тизими орқали таъминланади. Бу тизим фойдаланувчи шахсини унинг нигоҳи орқали аниқлайди. Компания барча шахсий маълумотлар қурилманинг ўзида сақланишини ва бошқа манбаларга йўналтирилмаслигини қайд этган.

Виртуал иш столи

Гаджет тақилганда инсон турган хонаси ва ундаги барча элементлар кўринади, фақат у ерда бундан ташқари смартфоннинг уй экранида бўлгани каби асосий иловаларнинг белгилари ҳам бўлади. Илова ойналарини ҳудди реал объектлар каби суриш, кўтариш, уларни истаган ўлчамда катталаштириш ёки кичрайтириш мумкин. Бундан ташқари, ойналар нафақат фойдаланувчи турган муҳитда, балки умуман бошқа жойларда ҳам пайдо бўлиши мумкин.
apple, vision pro

Воситаларсиз бошқарув

Apple`нинг бу маҳсулоти бошқаларидан яна бир жиҳати билан фарқ қилади. Iphone`да амалларни бажариш учун экранга тегиниш, Macbook`да сичқонча ёки тачпад, Ipod’да қаламча керак бўлса, VisionPro`да бундай воситалардан воз кечилган.

Тўлиқ 3 ўлчовли интерфейс фойдаланувчининг қўллари, кўзлари ва овози ёрдамида бошқарилади. Асосий бошқарув кўз ҳаракатлари орқали амалга оширилади. Объектларга қараганда улар турган ўрнидан бироз силжийди ва катталашади. Клавиатура керак бўлганда, виртуал шаклда пайдо бўлади. Қурилма Apple`нинг бошқа қурилмалари ва дастурлари билан боғлана олади ва биргаликда ишлаши мумкин. Узун матнларни ёзишда қулай бўлиши учун Magic Trackpad, Magic Keyboard`лардан фойдаланиш мумкин.

Овоз орқали бошқарувни ишга тушириш учун қидирувлар сатрига қараш ва керакли буйруқни бериш ёки Siri`дан фойдаланиш керак бўлади.

Фойдаланувчи нигоҳларини кўрсатувчи ойна

Гаджет тақилган ҳолатда ҳам сиз ён-атрофингизга келган одамларни кўриб турасиз ва улар ҳам сизнинг нигоҳингизни кўриб туриши мумкин. Фойдаланувчи олдига бошқа одам келиши билан гаджетнинг ойнасида фойдаланувчининг нигоҳи акс этади. Бу инновация EyeSight деб аталган. Унинг ёрдамида олдингизга келган одам сиз унга эътибор қаратяпсизми ёки бошқа иш билан бандмисиз, барчасини кўриб туриши мумкин, сиз иш билан банд бўлган пайтда қурилма ойнасида бошқа тасвир пайдо бўлади.
apple, vision pro

Кўриладиган контент ҳам 3D форматида бўлиши мумкин. 3D форматидаги файлни очганингизда, у олдингизда пайдо бўлади. Бундан ташқари, айни вақтда содир бўлаётган воқеаларни 3D форматда тасвирга олиш мумкин бўлади. Бунинг учун қурилма устидаги тугмачани босиш керак.

apple, vision pro

Apple Vision Pro`ни Macbook`га бир қараш билан симсиз улаш мумкин. Бу орқали компьютер экрани фойдаланувчи истаган катталикдаги 4K дисплейга айланади. Қурилма FaceTime иловаси билан ишлаш учун ҳам мослаштирилган бўлиб, бу фойдаланувчига масофадан туриб ишлашда бир қатор қулайликлар яратади. Бундан ташқари, қурилмада виртуал ўйинларни ўйнаш, 3D форматидаги киноларни кўриш мумкин.