6 июнь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис кун тартибидан Ўзбекистон президентлигига номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олиш, Марказий сайлов комиссияси ҳузуридаги тезкор ахборот бериш маркази фаолиятини ташкил этиш, Ўзбекистон президент сайловида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлардан қатнашадиган кузатувчилар ва ОАВларини аккредитациядан ўтказишга оид масалалар ўрин олди.

Ишончли вакиллар Ўзбекистон президенти лавозимига номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, унинг сайланиши учун ташвиқот олиб боради, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалайди.

Сайлов қонунчилиги талабларига мувофиқ, Ўзбекистон президентлигига номзоднинг ишончли вакиллари, Ўзбекистон президентлигига номзод Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олингандан сўнг унинг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади. Номзоднинг ишончли вакилларига Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, мажлис давомида Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Улуғбек Илясович Иноятовнинг, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Робахон Анваровна Маҳмудованинг ҳамда Ўзбекистон Экологик партиясидан Абдушукур Худойқулович Ҳамзаевнинг ишончли вакиллари рўйхатга олинди.

Шунингдек мажлисда, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида Марказий сайлов комиссияси ҳузурида тезкор ахборот бериш маркази ташкил этиш юзасидан қарор қабул қилинди ва тегишли Низом тасдиқланди.

Қайд этилишича, «Cаll-center»нинг асосий вазифаси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида фуқаролар билан реал вақт режимида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, сайлов комиссиялари фаолияти, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишнинг барча босқичлари ҳақида тўлиқ ва ишончли ахборотни фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар бериш орқали етказиш, шунингдек, сайловчиларнинг овоз бериш ва мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқлари сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш, фуқароларнинг сайлов қонунчилиги ва сайлов жараёнларидан хабардорлик даражасини оширишдан иборат.

Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан ЕХҲТ ДИИҲБнинг 12 нафар сайловни кузатувчи миссияси вакиллари МСКнинг қарори билан аккредитациядан ўтказилди.

Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлардан келиб чиқиб, 39 та маҳаллий оммавий ахборот воситасининг 139 нафар вакили аккредитация қилинди. Шу бугунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларининг умумий сони 229 нафарни ташкил этмоқда.