Херсон вилоятининг Россия томонидан қўшиб олинган қисмида жойлашган Каховка ГЭСининг тўғони қисман вайрон бўлди, деб ёзмоқда Meduza. 6 июнь куни эрта тонгда ижтимоий тармоқларда ГЭС юқори тўғонининг вайрон бўлган қисмидан сув оқаётгани акс этган видео тарқалди. Кейинроқ Украина Қуролли кучларининг «Жанубий» оператив қўмондонлиги Россия қўшинлари гидроэлектростанцияни «портлатиб юборганини» маълум қилди.

Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Прокудин ҳам Россия томони ГЭСни портлатганини маълум қилди. Россия томонидан тайинланган Нова Каховка «мэри» Владимир Леонтьев эса аввалига портлаш ҳақидаги маълумотни рад этди, бироқ кейинроқ Украина томонидан тунги ўққа тутиш оқибатида станциянинг юқори қисми вайрон қилингани, аммо тўғоннинг ўзи сақланиб қолганини билдирди. «ТАСС» хабарига кўра, Каховка ГЭСида 28 та оралиқдан 11 таси вайрон бўлган.

Сув Каховка сув омборидан Днепрнинг қуйи оқимига назоратсиз равишда қуйилади, деди Нова Каховка «мэри» Леонтьев. Унинг сўзларига кўра, Каховка ГЭСи тўғони вайрон бўлгач, қуйи оқимдаги сув сатҳи 2,5 метрга кўтарилган. Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Прокудиннинг таъкидлашича, сув 5 соат ичида критик даражага етади. Херсон вилояти «ҳукумати» Днепрнинг қирғоқбўйи ҳудудларида вазият назорат остида эканини маълум қилди. «Ягона таҳдид шундаки, биз ҳозирда Қримга сув етказиб беришда муаммоларга дуч келамиз», — деди Леонтьев.

Ўнлаб аҳоли пунктлари сув босиш хавфи остида қолди. Гап 80 та аҳоли пунктини сув босиши мумкинлиги ҳақида кетмоқда, дея хабар берди «ТАСС»га Россия фавқулодда хизматлари. Украинада Херсон вилоятининг сув тошқини кузатилаётган хавфли ҳудудларидан аҳолини эвакуация қилиш ишлари бошлаб юборилган. Миллий полиция бўлинмалари ва Херсон вилояти фавқулодда вазиятлар давлат хизмати бўлинмалари Днепр дарёсининг ўнг қирғоғидаги сув тошқини эҳтимоли бўлган ҳудудлардан тинч аҳолини огоҳлантириш ва эвакуация қилиш бўйича кўрсатма олган.

Украинада бу ҳодиса экоцид (атмосфера ёки денгизларни ёппасига ифлослантириш) деб аталди. Украина президенти Владимир Зеленский Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг шошилинч йиғилишини чақирди.

Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак Каховка ГЭСининг «бузилиши» «глобал озиқ-овқат хавфсизлигига зарба» эканини таъкидлади. «Чунки бу офат Украина жанубидаги суғориш тизимига таъсир қилади», — дея қўшимча қилди у.