Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишлар соҳасида «ноль чиқинди» (zero waste) тамойиллари асосида янги тартиб ва механизмлар жорий этилади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 31 майдаги экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини ўзгартириш тўғрисидаги қарорида белгиланган.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига 1 сентябрга қадар маиший чиқиндиларни комплекс бошқариш дастури лойиҳасини ҳукуматга киритиш топширилди.

Фармонда маиший чиқиндиларни турларига қараб алоҳида-алоҳида йиғиш ва олиб чиқиб кетиш назарда тутилган.

Соҳага айланма (циркуляр) иқтисодиёт амалиётини жорий қилиш режалаштирилган — янгидан ҳосил
бўлаётган чиқиндиларни полигонларга йўналтирмасдан, максимал даражада қайта ишлаш (recycling) ёки куйдириш керак.

Фармонда барча мавжуд полигонларда чиқиндиларни тўлиқ қайта ишлаш ва куйдиришга босқичма-босқич эришиш кўзда тутилган.

Чиқиндиларни куйдириш натижасида олинган иссиқлик ёки электр энергиясининг ортиқча қисми тўлов ҳисобига, шу жумладан, «яшил тариф»дан фойдаланган ҳолда мавжуд энергия-коммуникация тармоқларида аҳоли ва ишлаб чиқариш эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилади.

Янги тизим самарадорлигини ошириш учун давлат бюджетидан «яшил субсидиялар» ажратиш тизимини жорий этиш режалаштирилган.

1 сентябрдан бир йил муддатга Асака тумани, Бухоро ва Термиз шаҳарларида чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан кўп квартирали уйларни бошқариш фаолиятини амалга ошириш бўйича эксперимент жорий этилади.

Фармонда чиқинди полигонларини хусусийлаштириш тақиқланган. Чиқиндиларни қайта ишлаш, уларни тозалаш ва бўшатилган ер участкаларини сотиш билан шуғулланувчи ташкилотларга полигон ҳудудларини ижарага бериш Экология вазирлиги томонидан амалга оширилади.