Ўзгидромет хизмати агентлиги иш ҳафтаси давомида — 5−9 июнь кунлари кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.

Синоптикларнинг маълум қилишича, ҳафта давомида Ўзбекистон ҳудуди бўйича қуруқ ва иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Республиканинг барча ҳудудларида ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳароратнинг аста-секин кўтарилиши давом этади.

Иш ҳафтасининг охирига келиб, кундузи ҳаво +37…+40 даражагача, 5−6 июнда республиканинг шимолида, 6−8 июнда жанубда ва чўл ҳудудларда +41…+42 даражагача исийди.

«Бундай ҳарорат июнь ойининг биринчи ўн кунлиги учун бўлган меъёрий қийматлардан 4−6 даражага юқоридир. Аммо ушбу даврда бундан ҳам юқори ҳарорат қийматлари кузатилган. 2021 йил июнь ойининг биринчи ўн кунлигида марказий ҳудудлар бўйича ҳаво ҳарорати +41…+43 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда эса +44…+46 даражагача кўтарилган», — дейилади хабарда.

Республиканинг тоғли ҳудудларида ушбу ҳафтада асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлади, фақат Фарғона водийси билан чегарадош айрим тоғли ҳудудларда бугун куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида 7−8 июнда баъзи жойларда шамол 15−20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

Пойтахтда 5−9 июнь кунлари ҳаво кам булутли бўлади, шарқий йўналишдаги шамол бироздан ўртачагача эсади. Ҳарорат ҳафта бошида +35…+37 даража бўлади, ҳафта охирига келиб +38…+40 даражагача аста-секин кўтарилади.