31 май-3 июнь кунлари Филиппиннинг Манила шаҳрида бадиий гимнастика бўйича ёшлар ва катталар ўртасидаги Осиё чемпионати ўз якунига етди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Унда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси 10 та олтин, 7 та кумуш ва 1 та бронза — жами 18 та медал билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринлар Хитой ва Қозоғистон терма жамоаларига насиб этди.

Терма жамоа таркибида Тахмина Икромова 5 йўналишда ғалаба қозониб, шоҳсупага кўтарилган спортчилар орасида энг яхши мултимедалчи бўлди. Мусобақада жамоа вакиллари қуйидаги йўналишларда медалларга сазовор бўлди:

Олтин медал:

  • Жамоавий йўналишда катталар терма жамоаси;
  • Кўпкураш, катталар: Тахмина Икромова;
  • Ҳалқа, катталар: Тахмина Икромова;
  • Тўп, катталар: Тахмина Икромова;
  • Булава, катталар: Тахмина Икромова;
  • Жамоавий йўналишда ёшлар терма жамоаси;
  • Гуруҳ машқининг кўпкураш йўналишида ёшлар терма жамоаси;
  • Ҳалқа, ёшлар: Анастасия Сарансева;
  • Булава, ёшлар: Лола Жўраева;
  • Тасма, ёшлар: Мишел Нестерова.

Кумуш медал:

  • Гуруҳ машқининг кўпкураш йўналишида катталар терма жамоаси;
  • Тўп, катталар: Эвелина Аталянс;
  • Булава, катталар: Ёсмина Раҳимова;
  • Гуруҳ машқининг 3 тасма ва 2 та тўп машқида катталар терма жамоаси;
  • Тўп, ёшлар: Наталя Усова;
  • Гуруҳ машқининг 5 арғамчи дастурида ёшлар терма жамоаси;
  • Гуруҳ машқининг 5 тўп дастурида ёшлар терма жамоаси;

Бронза медали:

  • Тасма, катталар: Ёсмина Раҳимова.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Тошкентда ўтказилган бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубогида Ўзбекистон терма жамоаси 4 та — 1 та кумуш ва 3 та бронза медалига сазовор бўлганди.